Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида йиғилиш ва мажлислар ўтказишга оид шаклланган амалиёт, унинг давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятига салбий таъсир этиш оқибатлари сонини камайтириш ва мазкур соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича хорижий тажриба таҳлил қилинди.
Мазкур соҳага оид муаммоларнинг хорижий тажрибаси ўрганиш ишлари ва маълумотлар таҳлили амалга оширилганда қуйидаги иннновацион бошқарув услублари намоён бўлди.
Ривожланган мамлакатларда ҳам давлат органлари ҳам хусусий секторда фаолият юритувчи хизматчилар ўзларининг фаолиятида йиғилишларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда ва бу йўналишда турли хил услублардан фойдаланишмоқда.
Жумладан йиғилишлар, қоғозбозлик (бюрократия) ва ҳисоботларни кескин камайтириш, давлат идоралари фаолиятида маълумот алмашишда замонавий ахборот технологияларидан ва инновацион ёндашувдан кенг фойдаланиш бўйича иш унумдорлиги ва ривожланиш даражаси юқори эканлиги кўринди.
Масалан тахлилларга кўра АҚШда ҳар йили 3 млрд.дан ортиқ йиғилишлар ўтказилади, мустақил эксперт ташкилотларнинг хулосаларига кўра мазкур йиғилишларнинг 34 фоизи вақтни беҳуда сарфлаш деб баҳоланган. Бунинг натижасида АҚШдаги бизнес вакиллари хар йили ўртача 37 млрд. доллар миқдорида зарар кўриши аниқланган.
АҚШнинг “The Wall Street” журнали 2021 йил якунлари бўйича ташкилотлардаги турли ҳил йиғилишларда ходимларнинг қанча вақти сарфланаётганлиги тўғрисидаги маълумотларига кўра бош менежер ҳафтасига ўртача 17 соат, ижрочи директор ҳафтасига ўртача 23 соат, ўрта даражадаги менеджерлар эса – ҳафтасига ўртача 11 соат иш вақтини йиғиғилишларга сарфлаётганлиги маълум қилинган.
Юқоридаги муаммони бартараф этиш мақсадида мажлислар зали йиғилишнинг ҳар бир дақиқа қийматини кўрсатиб турувчи электрон таблолар билан таъминланган. Ушбу услубни қўллаш орқали битта йиғилишда қанча ходим иштирок этганлиги ва йиғилиш давомийлигига қараб ўтказилган йиғилишнинг умумий қиймати аниқланади.
Испания, Франция ва Венгрияда “икки оёқ қоидалари” ҳам қўлланилиб келинмоқда. Қоида талабларига кўра, йиғилишларда фақатгина йиғилиш ташаббускорлари ёки ўзига керакли маълумот олмоқчи бўлган ходимлар иштирок этишади. Бунда, умумий йиғилишларни ўтказиш тақиқланади, жумладан бутун жамоа ходимлари ўз ишларини ташлаб, йиғилишга киришлари мумкин эмаслиги белгиланган.
Microsoft компаниясининг Япониядаги филиали томонидан тажриба тариқасида йиғилиш ўтказиш вақтини қисқартириш ҳамда шахсий учрашувларни мессенджерлардаги ёзишмалар орқали ўтказилиши натижасида ходимларнинг иш унумдорлиги 40 фоизга ошган, электр энергияси истеъмоли 23 фоизга, қоғоз учун харажатлар эса 59 фоизга камайганлиги статистика маълумотларда кўринди.
“Ford” компаниясида кунлик мажлислар ўтказиш бекор қилиниб, ҳафтада бир марта йиғилиш ўтказиш амалиёти жорий қилинган. Бунда, барча материаллар олдиндан йиғилиш иштирокчиларига юборилади, бунинг натижасида эса йиғилиш иштирокчилари тегишли материаллар билан олдидан танишишади ва йиғилишда маълумот алмашиш учун камроқ вақт сарфлашар эканлар.
Буюк Британияда мажлисларни ўтказишда “Эйзенхауэр услуби”дан фойдаланилади. Мазкур усул вазифаларни амалга оширишга тўғри келганда, уларни албатта 4 гуруҳга бўлишни тавсия этади: жадал ва муҳимлар; муҳим, аммо тиғиз бўлмаганлар; жадал, аммо муҳим бўлмаганлар; на жадал ва на муҳим бўлганлар. Мажлисларни ўтказишда ҳам раҳбарлар доим ўз ечимини топиши керак бўлган энг жадал ва муҳим масалалаларга тўхталиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, йиғилишларнинг ўта кўплиги ташкилотларнинг ишини самарасиз режалаштиришга ва бюрократик бошқарув тизими шаклланишига олиб келиши намоён бўлмоқда.
Кейинги пайтларда айрим давлатларда “мажлисларни онлайн ташкиллаштириш” ва “мажлисларни онлайн мониторинг қилиш” (Directum, DocsVision, LITIKO, Citeck ECOS каби порталлар орқали) тизими яратилган ва бу тизим ўз ижобий натижасини бериб келмоқда.
Ҳусусан, “мажлисларни онлайн ташкиллаштириш” тизими орқали ташкилотдаги барча ходимлар қачон, қаерда, мажлис кун тартибидаги мавзу, мажлис давомийлиги тўғрисида маълумотга эга бўладилар
ва зарур ҳолларда олдиндан тайёргарлик кўриш мумкинлиги бўйича тегишли низомлар ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органларида йиғилиш ўтказиш шартлари бўйича хам ўрганишлар жойларга чиқиб аниқ манзилли ва соҳавий ўрганишлар ўтказилади.
Шунда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органларида йиғилиш ўтказиш аниқ белгиланмаганлиги, йиғилишни ўтказишдан олдин мажлис регламенти тузилмаслиги, йиғилишга кимлар жалб этилишига оид ягона қоидалар белгиланмаганлиги мазкур турдаги тадбирлардан кутилган самарадорлик ўрнига йиғилишларнинг чўзилиб кетишига олиб келмоқда.
Жумладан, айрим рахбарлар ўзининг асосий фаолияти, яъни рахбарлик қилиш функциясини фақатгина назорат ва мониторинг йиғилишлар ўтказиш орқали ижро этиши, айниқса иш вақтидан ташқари вақтда йиғилишлар ўтказиши уларнинг “сунъий ишлаш” эффектини таъминлаб келмоқда.
Масалан март ойида 500 дан ортиқ давлат хизматчилари орасида ўтказилган сўровда уларнинг 60 фоизи иш режимидан норозилигини билдирган. Мазкур ҳолат иш вақтидан ташқари ишлаш, мажлислар ва ҳисобот турларининг кўплиги сабабли ходимларнинг ўз устида ишлаши ҳамда шахсий хаёти учун вақт ажратиш имконияти йўқлиги билан изоҳланган.
Давлат хизматчилари иш самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилувчи мажлислар ва йиғилишлар ўтказиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида асоссиз, самараси кам, амалий аҳамиятга эга бўлмаган, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига кераксиз маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни камайтириш. Хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиққан холда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йиғилишлар ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича намунавий регламент ёки низом ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Давлат органлари раҳбарларида сурункали равишда иш фаолиятидаги ҳар бир масала бўйича мажлис ўтказиш ва ушбу мажлисларда давлат хизматчиларини ишдан ажралган ҳолда мажбурий равишда иштирок этишини талаб қилиш, мажлисларни “кўп ишлаш имитацияси”га айлантириш каби шаклланган носоғлом одатларга чек қўйиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказилаётган йиғилишларнинг режаси тасдиқланганлигини, йиғилиш қатнашчилари йиғилиш тўғрисида хабардор қилинганлигини, йиғилиш қатнашчилари сонини, йиғилишнинг давомийлигини, йиғилишни тайинлаш вақтини мониторинг қилиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириш бу давр тақозосидир.
“Мажлисларни онлайн мониторинг қилиш” тизими орқали ташкилотнинг инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш учун масъул бўлган бўлинмалар томонидан йиғилишларнинг натижадорлиги мониторинг қилиб борилади. Бу эса ўз навбатида, давлат хизматчиларининг вақтини тежашга, худа-беҳудага мажлис чақирмасликка, мажлис ташкилотчилари томонидан йиғилишга пухта тайёргарлик кўришга имкон беради ва ташкилотнинг иш унумдорлигини оширади.
Давлат бошқаруви академиясида юқори ва ўрта бўғин раҳбарлари учун мажлисларни унумли ўтказишнинг замонавий усуллари, мажлисларни ўтказишда вақтдан унумли фойдаланиш методикаларини ўзида мужассам этган қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бунда, биринчи навбатда, “Эйзенхауэр услуби”дан фойдаланишни ўргатиш, мажлисларни ўтказишда ваколатларни узатиш маҳоратини такомиллаштириш керак.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги билан ҳамкорликда сурункали равишда узоқ вақт давомида мажлисларни ўтказишнинг салбий оқибатлари, биринчи навбатда ходимлар саломатлиги учун зарари ҳақида тушунча бериш бўйича тарғибот ишларини йўлга қўйиш зарур.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Давлат фуқаролик хизматчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатларини тегишли сўровномалар, жойига чиқиб фикрларни ўрганишлар ўтказиш орқали аниқлаб давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва ривожланиш тенденциялари асосида ўтказилаётган таҳлил-тадқиқотларимиз мамлакатимизда замонавий давлат бошқаруви асосларини яратишга хизмат қилади.
Бобур Мирзо ИСМОИЛОВ,
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлигининг масъул ходими