Бош саҳифаТаҳлилДавлат хизматчиларининг бузилган ҳуқуқлари тиклан(а)дими?

Давлат хизматчиларининг бузилган ҳуқуқлари тиклан(а)дими?

Сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизмати соҳасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида давлат хизматчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга тегишли шарт-шароитлар яратишда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиниши билан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги барча муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди.

Мазкур қонун билан давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми белгиланиши билан бирга айрим ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам ўрнатилган.

Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ айрим янгича тартиблар ҳам белгиланган. Мисол учун, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш, хизмати бўйича кўтарилиш, ротация, касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарлик ҳамда бошқа ҳолатларнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Давлат хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ўрни муҳимдир.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизмати соҳасида мониторинг ўтказиш тартиби белгиланди.

Мазкур тартибга кўра, Агентлик давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат органида ижро этилишини ўрганиш йўли билан мониторинг ишларини амалга оширади.

Умумий асосларга кўра, мониторинг икки хил тарзда амалга оширилиши белгилаб берилди:

– режали;

– режадан ташқари.

Ушбу тартибга кўра, режали мониторинг Агентликнинг тасдиқланган иш режасига асосан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Режадан ташқари мониторинг эса режада назарда тутилмаган ҳолларда, яъни:

– юқори турувчи ташкилотдан топшириқ келиб тушганда;

– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

– давлат органи томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ва таҳлилий
маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра аниқланган қонунбузилишлари ҳолатлари;

– соҳада қонунбузилишлари содир этилганлиги ёки қонунчилик ижроси таъминланмаётганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали маълумотлар эълон қилинганда амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ишлаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ юзага келаётган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш мақсадида “@murojaat-argos-bot” ишга туширилди.

Биргина ушбу бот орқали турли мазмунда жами 1 776 та мурожаат келиб тушган (01.01.2023 йил ҳолатига). Мурожаатлар Агентликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан 5-7 кун давомида кўриб чиқилиб, мурожаатчиларга жавоб бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Агентлик томонидан давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш йўналишида ўтган давр давомида 6 та комплекс ўрганиш ҳамда 509 та мониторинг ўтказилган.

Масалан, Агентлик томонидан қуйидаги йўналишларда мониторинглар амалга оширилган:

– Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасини 2018-2021 йилларда муваффақиятли тамомлаган давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўланиши аҳволи (ПФ–5139, 08.08.2017 й.);

– давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида АКТга масъул бўлган ходимларга ҳар ойлик устама тўланиши аҳволи (ПФ–5349, 19.02.2018 й.);

– юқори 500 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўланиши аҳволи (ПФ–6260, 13.07.2021 й.).

Ўтказилган ўрганишлар ҳамда олиб борилган мониторинг натижасида давлат фуқаролик хизмати соҳасида 3 392 та қонунбузилишлари аниқланган бўлса, шундан 53,8 фоизи бевосита давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини бузилиши билан боғлиқдир.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп қонунбузилишлари меҳнатга ҳақ тўланишида, меҳнат таътиллари берилишида, муддатли меҳнат шартномаларини тузилишида, ишдан бўшатиш нафақаларини тўлаб берилишида, иш ҳақидан ушлаб қолинишида ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни “ЯММТ” ИДАК тўлиқ киритилмаслик каби ҳолатларида қайд этилган.

Меҳнатга ҳақ тўланишида қонунбузилишлари юзасидан аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирадиган бўлсак, юқори 500 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасини тамомлаган 67 нафар ёш мутахассис билан Агентлик ва иш берувчилар ўртасида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча устамаларни тўлаш тўғрисида уч томонлама шартномалар имзоланган.

Ушбу шартномаларда белгиланган мажбуриятлар иш берувчилар томонидан бажарилиши таҳлил қилинганда 56 нафар ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб келинган бўлса, қолган 7 нафарига тўлаб берилмаган.

Албатта, юқоридаги қонунбузилишларини олдини олиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, уларга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича Агентлик томонидан бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш мақсадида Агентлик томонидан 457 та тақдимнома ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида уларнинг маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун ваколатли органга
30 та маъмурий таклиф киритилган.

Кўрилган чоралар натижасида 430 нафар ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашга оид бузилган ҳуқуқлари тикланган ва 31 та ноқонуний буйруқ қонунга мувофиқлаштирилиши таъминланган.

Масалан, юқори 500 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасини тамомлаган 7 нафар ёш мутахассиснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг лавозим маошларига жами 247 млн. сўмдан ортиқ устамалар тўлаб берилиши таъминланди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатланиши давлат фуқаролик хизмати соҳасида қонунбузилишларини олди олинишидан ташқари, давлат хизматига юқори малакали кадрларни кириб келишига, давлат хизмати имижини юксалишига ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларга халқимизнинг ишончини ортишига хизмат қилади.

 

Ш.Азимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
бош инспектори

 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз