25 январь куни “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони имзоланди.
Унга кўра, вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда (умумий сонга нисбатан 24 фоиз). Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони эса 207 нафардан 144 нафаргача ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда.
Ўзгаришларга доир энг кўп берилаётган 5 та саволга мутахассис жавоб беради:
- Кимлар қисқартиришга тушмайди?
Меҳнат қонунчилигимизга кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.
2. Қисқартиришга тушганлар қандай тартибда бўшатилади ё бошқа ишга ўтказилади?
Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-бандига мувофиқ, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради.
Қисқарилган штатларда фаолият юритаётган ходимларга Меҳнат кодексининг 92-моддаси иккинчи қисмига асосан мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган иш, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, идорада мавжуд бўлган бошқа иш таклиф этилади. Агар ходим бошқа ишга ўтгиси келмаса ёки идорада унга тўғри келадиган бошқа иш бўлмаса, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинади.
3. Айрим лавозимларнинг разряди пасайиши назарда тутилган. Уларнинг ойликлари ҳам пасаядими? Пасайса, қанчага ва қачондан бошлаб?
Фармоннинг 3-иловасида вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар марказий аппарати ва уларнинг ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тегишлича вазирлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан бир поғона паст миқдорда қўлланилиши белгиланган.
3-иловасининг изоҳ қисми д-бандида:
“вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар марказий аппарати ва уларнинг ҳудудий ва туман бўлинмалари ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тегишлича вазирлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан бир поғона паст миқдорда қўлланилади”, дейилган. Шунга кўра, агар қўмита бўйсунадиган юқори вазирликдаги ходимларнинг разрядлари бир поғонага кўтарилса, унга бўйсинувчи қўмита ходимлари разрядида ва иш ҳақисида ўзгариш бўлмайди, яъни камаймайди.
Қўмита бўйсунадиган вазирлик ходимларининг разрядлари ўзгармаса ва ҳозиргидек кўринишда қолса, демак, унинг таркибига кирувчи қўмита ходимларининг разрядлари бир поғонага пасаяди.
4. Вазирлик ва идораларда 17 447 та штат бирликлари қисқартирилмоқда, бу кўпроқ қайси бўғиндаги ходимларга таъсир қилади? Қайси ташкилотларда қисқартиришлар бўлади?
Фармоннинг муҳим қисмларидан бири бу 1-иловадир. Унда қисқартириш назарда тутилаётган вазирлик ва идоралар, улардаги штатлар сонининг чекланган миқдори белгиланган. Ана ўша илованинг изоҳига эътибор берадиган бўлсак, масалан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Мудофаа саноати агентлигининг штат бирликлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади, дейилган. Демак, қисқартириш бу органларга тегишли эмас. Уларнинг фаолияти бўйича алоҳида президент фармони ёки қарори қабул қилинади.
Ёки тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар штат бирликлари мазкур иловада инобатга олинмаган. Демак, бу штатлар ҳам қисқармайди.
1-иловага берилган изоҳнинг бешинчи бандида эса вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар ходимларининг умумий чекланган сони таркибига кирадиган ташкилотларнинг штат бирликлари белгиланган. Яъни, ўша биринчи иловада берилган штатлари сони қисқарадиган вазирлик ва идоралар таркибига кирадиган қўмиталар, ташкилотлар бу ерда янаям аниқроқ белгиланган. Демак, ана шу ташкилотларда асосий қисқаришлар назарда тутиляпти.
Вазирлик ва идоралар Президент қарори билан янги тузилмалари тасдиқлангунча, ўзлари тасдиқлаган ана вақтинчалик тузилмалари, вақтинчалик штатлар асосида ишлаб туради. Улар зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қайси бўғин ёки таркибий тузилмадаги ходимларни қисқартириш масаласини ўзлари ҳал қилади.
5. Энди вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда лавозимларни жорий этишда қандай талаблар қўйилади?
Фармоннинг 3-иловасида Республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда таркибий бўлинмаларни шакллантириш ҳамда лавозимларни жорий этишга оид асосан 3 та талаб белгиланган:
- таркибий бўлинмаларни шакллантириш ҳамда лавозимларни жорий этишга оид ягона талаблар;
- ташкил этилиши мажбурий бўлган таркибий бўлинмалар (лавозимлар) ва уларнинг номларига оид ягона талаблар;
- таркибий тузилмалар номланиши ва улардаги ходимлар сони, шу жумладан раҳбар ходимлар ва ижрочилар сонининг аниқ нисбати (1/3 нисбат).
Айтайлик, раҳбар ходимлар ва ижрочилар нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда бўлиши лозим.
Масалан, штат бирликлари сони 5 нафар ва ундан ортиқ бўлган бўлимларда 1 нафар бўлим бошлиғи ўринбосари лавозими киритилиши мумкин. Бошқарма таркибидаги бўлимларда бўлим бошлиғи ўринбосари лавозими киритилмайди. Ҳудудларда эса белгиланган масъул ходимлар штат бирликлари сони 1 нафардан иборат бўлганда бош мутахассис лавозими киритилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича шўъба бошлиғига тенглаштирилади. Шунга ўхшаш яна бир қанча талаблар фармоннинг 3-иловасида батафсил берилган.
Саволларга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Шуҳрат Мамажонов жавоб берди.