Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонДавлат хизматлари агентлигининг ҳар бир ходими тадбиркорга...

Давлат хизматлари агентлигининг ҳар бир ходими тадбиркорга яқиндан кўмакчи

Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар тез, сифатли амалга оширилиши аҳолини мамнун этаётгани айни ҳақиқат. Биргина тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб бориш истагидаги фуқаролардан ўндан ортиқ ҳужжат тайёрлаш керак эди. Уларнинг ҳар бири учун кунлаб, керак бўлса ҳафталаб вақт сарф этиларди. Шунга ўхшаш фуқароларнинг кундалик иши тушадиган идоралар олдида узундан-узун навбатлар, сансалорлик ва оворагарчиликлар, бир масалада бир неча идораларга мурожаат қилиш зарурияти каби ортиқча югур-югурлар ҳар қандай киши дилини хуфтон этиб, норозилик ҳисини уйғотарди.

Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқнинг оғирини енгил қилиш, уларни вақт ва маблағларини тежалишига хизмат қиладиган янгича тизим ишлаб чиқилди. Бунинг натижаси ўлароқ, жисмоний ва юридик шахсларга ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштиришни назарда тутувчи маъмурий регламентлар тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди. Авваллари тан олиб айтиш керак тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар ўз фаолиятини бошлаш учун жуда кўп қийинчиликларга дуч келган.

Ҳозирга келиб эса, барча соҳалар қатори тадбиркорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларга етарли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, уларни ривожланиши учун тўсиқ бўлаётган омилларга барҳам беришга қаратилган Қарор, Фармонлари ишбилармон соҳа вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур фармонларнинг давлат хизматлари марказларида ҳаётга татбиқ қилинаётгани тадбиркорларга айни муддао бўлмоқда. Жумладан, Дилафрўз Миралиева кўп йиллардан буён фармацевтика йўналиши бўйича фаолият олиб боради. У илк бора Норин туманида дорихона очиб, халққа арзон ва сифатли дори-дармон етказишни йўлга қўймоқчи бўлганида бир қанча тўсиқларга учраган. Ҳозирда эса у каби ишбилармонларга яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, Наманган шаҳрида яна бир халққа хизмат қиладиган маскан очмоқчи. Шу мақсадда давлат хизматлари марказига келиб, 30 дақиқа ичида мурожаатига ижобий ечим топди.

Наманган туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш билан бир қаторда жойларга чиқиб тушунтириш-тарғибот тадбирларини ҳам олиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилишга имкон яратяпти. Жаҳонгир Тожибоев ёшлигидан спортнинг карате тури билан мунтазам шуғулланиб, бир неча бор Халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган. У спортга ошно бўлган ёшларни бир жойга жамлаб, карате сир-асрорларини қунт билан ўргатиб келади. Натижалар эса кутилганидан аъло. Ўтган йили 9 нафар шогирди Жаҳон, Осиё ва Республика мусобақаларида ишончли қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб юртимиздаги олийгоҳларга имтиёзли ўқишга қабул қилинган. Бу йил ҳам натижалар ёмон эмас. Яна уч нафар шогирди муддатидан олдин талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди. Жаҳонгир Тожибоев бу ютуқлар билан кифояланмай ўзини тадбиркорлик соҳасида ҳам синаб кўрмоқчи бўлди. Яхши ниятлар билан фаолиятини бошлаш истагида туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилди. Унга марказ ходимлари томонидан тез ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилиб, тадбиркор сифатида фаолият олиб бориш учун рухсатнома ва лицензия тақдим этилди. Қимирлаган қир ошар деганларидек, икки йил аввал ўз фаолиятини бошлаган ёш тадбиркор 2 та йирик корпорацияни бошқармоқда. У ҳозирда қуёнчилик билан шуғулланиб, 4 нафар ёшларни иш билан таъминлади. Бундан ташқари 32 та хонадонни қуён билан шуғулланишига шароит яратиб берди. Шунингдек, юз оилага иссиқхона лойиҳасига бош бўлиб, 100 та хонадон вакилларини даромад олишига кўмаклашмоқда. Бу ерда экилган помидор маҳсулотларининг биринчи ҳосили Россия федерациясига экспорт қилинди. Тайёр бўлган маҳсулотлар бозор расталарига пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Яна бир ёш тадбиркор Жаҳонгир Эргашев ишбилармонларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Наманган туманида ўқувчи ёшларни қайта тайёрлайдиган ўқув марказига асос солди. Дастлаб, 2017 йилда фаолият бошлаган ўқув марказида 4 нафар фуқарони иш билан таъминлаган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 15 нафарга етди. Келгусида тармоқни янада кенгайтириб, ишчилар сонини 30 тага етказиш ҳаракатида.

Наманган туманида ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб, оила тебратаётган фуқароларни кўплаб учратасиз. Улар қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулотларини маҳаллий бозорларда сотиб аҳоли турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда Шулардан бири Аҳмаджон Мамадалиев бўлиб, у мана 17 йилдирки, дурадгорлик билан шуғулланади. Ҳозирга қадар уста-шогирд анъанасига мувофиқ, 6 нафар маҳалладошларига бу касб сирларини ўргатиб, мустақил фаолият олиб боришига ёрдамлашган. Бугунга келиб, яна 5 нафар ёш йигитларга устозлик қилмоқда. У ҳам юртимизда мазкур касб эгаларига берилган имкониятдан фойдаланиб, халққа хизмат қилиб келмоқда. Аҳмаджон Мамадалиевнинг бир ойда ўртача 5 миллион сўм соф даромад олади.

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган муаммоларига ечим топиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабулларида ҳам ишбилармон соҳа вакилларини қийнаб кетаётган муаммоларига ечим топиш билан бирга ҳуқуқий жиҳатдан ҳам кўмак ва йўл йўриқлар кўрсатилди. Жорий йилнинг 5 ойи давомида бошқарма томонидан 5 маротаба сайёр қабул ўтказилган бўлса, шуларда 20 нафардан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Бу ўз навбатида тадбиркорлик соҳасига қизиқувчилар сонини йил сайин ортишига замин яратмоқда.

Жорий йилнинг 5 ойи давомида туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 3064 та юридик, 5038 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу орқали эса, 13.500 та янги иш ўринлари яратилган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси туман, шаҳар давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан марказдан узоқликда жойлашган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига кўрсатилган сайёр хизмат тадбирларида 480 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шу билан бирга, бошқарма томонидан мунтазам тарзда ўтказиб келинаётган “Сайёр қабул” ва “Сайёр хизмат” тадбирлари давомида тадбиркорлик фаолиятини вақтинчалик тўхтатган фуқаролар ўртасида ҳам тушунтириш тарғибот тадбирларини олиб борилиши натижасида 1. 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланди. Бунда эса, 1. 000 нафардан зиёд фуқароларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Мухтасар айтганда, ишбилармонларга яратилган қулайликларга ҳамоҳанг тарзда давлат хизматлари агентлиги ходимлари ҳам иқтисодимизнинг драйвери бўлган соҳа вакилларига тез ва сифатли хизмат кўрсатиш орқали юртимизда тадбиркорликни янада ривожланиши ва тараққий этишига залворли ҳисса қўшиб келмоқда.

Давронбек Равшанбеков,
ДХА Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз