Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонДавлат хизматлари натижаларини почта алоқаси орқали олиш...

Давлат хизматлари натижаларини почта алоқаси орқали олиш имконияти яратилади

2021 йил 1 майдан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра кўрсатилган давлат хизматининг натижаси почта алоқаси орқали етказиладиган давлат хизматлари жорий қилиниши мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган. Мазкур фармон мамлакатимизда аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида ортиқча вақт сарфлаш ва оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида олиб борилаётган тизимли ишларнинг узвий давомидир.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб 28 турдаги давлат хизматлари натижалари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра почта орқали етказилади.

Жумладан, аҳоли кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида муҳтож шахсларга протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар етказиб бериш, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсни ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда имтиёзли даволаниши учун йўлланмалар бериш, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификатларни почта алоқаси орқали олиш мумкин бўлади.

Эндиликда ҳужжатларни легаллаштириш, судлар ва таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш, таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат дубликатини тақдим этиш, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта, олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, алмаштириш ва йўқолганлари ўрнига янгисини бериш, автотранспорт воситаларига ва тиркамаларига рўйхатдан ўтказиш ёки транзит рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини берилгани ҳақидаги ҳужжатлар ҳам мурожаатчининг ҳохишига кўра почта алоқаси орқали етказилади.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар учун муҳим бўлган интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ турли патентлар олиш, маҳсулот ва товар белгисига муаллифлик ҳуқуқларини тасдиқловчи, кўчмас мулк, ипотека билан билан ҳуқуқларни расмийлаштириш ҳужжатлари ҳам фармонда келтирилган давлат хизматлари рўйхатига киритилган.

Ушбу ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида қўшимча енгилликлар яратади, уларнинг қимматли вақт ва маблағларини тежаб қолиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон ижроси юртимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг замон талабларига мос келадиган тартиб-таомилларни жорий қилинишида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишда, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга почта хизматларини кўрсатиш орқали ортиқча вақт йўқотиш каби оворагарчиликлар деярли барҳам топишига хизмат қилади.

Ш.МАМАТҚУЛОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз