Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик тарихий санасини муносиб нишонлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таҳликали замонда Конституциямиз халқимизнинг ижтимоий бирдамлиги, давлатчилигимиз мустаҳкамлигининг энг муҳим асосларидан бири экани, уни янада такомиллаштириш жараёнларида Халқ демократик партияси фракцияси, барча даражадаги депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этиш керакки, мазкур қонун лойиҳаси эҳтиёжманд аҳоли қатламининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Жамиятда шундай тоифадаги шахслар борки, улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур пайтда адвокат ёллаш, бошқа тарзда юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасига аниқлик киритилган. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган фуқаролар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўляпти. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестри “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали махсус ваколатли давлат органи томонидан электрон шаклда юритилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган шахслар фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ёки жавобгар, маъмурий ишлар бўйича аризачи, маъмурий жазо тури сифатида маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ишлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек маҳкум бўлган ҳолларда давлат ҳисобидан юридик олиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бундай ёрдамни олиш учун фуқаро мурожаат этиши лозим ҳисобланмоқда.
ХДП фракцияси аъзолари қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, унда акс этаётган меъёрларни аҳоли ва электорат вакиллари ўртасида кенг тушунтириш, тарғиб қилиш муҳим вазифа эканини қайд этишди.
Шунингдек, депутатлар фақат “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб белгиланган шахсларга юридик ёрдам кафолатланишига оид меъёрни такомиллаштириш, бу тизимдан рўйхатдан ўтиш кўп вақтни олгани учун янада енгилликлар яратилиши лозимлигига урғу бериб, қонун лойиҳасини маъқуллашди.
Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам электорат манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.