СИР эмаски, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга яқиндан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ривожланишига, уларнинг дахлсизлигини таъминлашга, мамлакат аҳолисини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга кўмаклашиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай ижобий фикрларни иқтисодий судларга тадбиркорлик субъектлари манфаатида киритилаётган ва қаноатлантирилаётган даъво аризалари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Лекин палатанинг айрим ҳудудий бошқармалари томонидан иқтисодий судларга тақдим этилаётган даъво аризаларининг барчасини ҳам бирдек асосли, сифатли, аниқ ҳисоб-китоблар билан қонун ҳужжатларини тўғри қўллаган ҳолда берилаяпти, деб айта олмаймиз.
Қуйида одатда суд залида даъвогар томонда турадиган палатанинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бу гал асоссиз даъво киритганлиги учун ўзи жавобгар сифатида судда қатнашганлиги тўғрисидаги низоли ҳолатни баён қилмоқчимиз.
Даъво иши нимадан бошланган эди?
Гап шундаки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси даъвогар — Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — “Enter engineering ptl ltd gtl” ҳамда қўшимча жавобгар —“Uzbekistan gtl” масъулияти чекланган жамиятидан 6 миллиард 972 миллион 420 минг 673 сўм ажратма қарз суммасини ундиришни сўраган.
Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 12 мартдаги ажримига асосан жавобгар норезидент ташкилот бўлганлиги сабабли ишни кўриш тегишлилигига кўра Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказилган.
Мазкур суднинг 2021 йил 12 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, қўшимча жавобгар — “Uzbekistan gtl” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар — Қашқадарё вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси фойдасига 6 миллиард 972 миллион 420 минг 673 сўм ажратма пули ва суд харажатлари ундирилган.
Апелляция шикояти ва кутилмаган “натижа” …
Қўшимча жавобгар — “UZBEKISTAN GTL” масъулияти чекланган жамиятининг апелляция шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида 2021 йил 14 июнда
кўриб чиқилиб, қисман қаноатлантирилди.
Натижада Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси давлат назорат органи ҳисобланиши учун палата аъзоси бўла олмаслиги, палата эса унинг манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасининг даъво аризаси кўрилмасдан қолдирилди.
Иш натижаси бўйича эса Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан “Uzbekistan gtl” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 69 миллион 743 минг 806 сўм суд харажати, республика бюджетига 139 миллион 448 минг 413 сўм давлат божи ва бошқа суд харажатлари ундирилган.
Палата энди даъвогар эмас, жавобгар…
Бундай вазиятда ҳудудий назорат инспекцияси ҳам шунчаки “тақдирга тан бериб кетмаслиги” аниқ эди. Энди палата судда даъвогар эмас, жавобгарга айланди.
Ҳақиқатан ҳам манфаатини ҳимоя қилиш учун палатага аъзо бўлган ҳудудий инспекция низонинг якуни бундай тугашини билганида давлат божи тўлаб бўлса-да, судга мустақил равишда ўзи даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин эди.
Лекин, энди ҳаммасини бошидан-бошлаш керак, ўйлагандан фойда йўқ, деган фикрда ҳудудий инспекция Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан тарафлар ўртасида
2021 йил 26 январда тузилган аъзолик тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш ва 209 миллион 314 минг 719 сўм етказилган зарар билан жами 213 миллион 792 минг 559 сўмни ундириш юзасидан судда даъволашди.
Суднинг 2021 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво талаблари қисман қаноатлантирилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра жавобгар — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва даъвогар — Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ўртасида
2021 йил 26 январда тузилган аъзолик тўғрисидаги шартнома ҳақиқий эмас, деб топилди.
Шунингдек, жавобгар — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасидан даъвогар — Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси фойдасига 4 миллион 460 минг сўм аъзолик бадали суммаси, 209 миллион 314 минг 719 сўм зарар ва суд харажатлари ундирилди.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Суд хулосасига асос бўлган ҳолат ва далиллар
“Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот эканлиги, палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурий эканлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига нисбатан даъво аризалари берган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ифода этиши, палатага аъзолик тадбиркорлик фаолияти субъекти ёки тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бирлашмаси ёхуд тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган бошқа ташкилот, чет эл компанияларининг ваколатхоналари ва Палата ўртасида шартнома тузиш йўли билан расмийлаштирилиши кўзда тутилган.
Демак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси қонунга ва ўз уставига зид равишда аъзоликка қабул қилиш мумкин бўлмаган давлат ташкилоти билан аъзолик битими тузиб, унинг манфаатида судга даъво аризаси киритиб, жиддий хатоликка йўл қўйган.
Бу эса даъвогарнинг аъзолик битимини ҳақиқий эмас, деб топиш ва етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаби тўлиқ асосли эканлигини кўрсатади.
Хулоса ўрнида, суднинг пировард вазифаси нафақат адолатни ўрнатиш, балки низолар келиб чиқишининг олдини олишга ҳам кўмаклашишдир.
Албатта, бу билан биз Палатанинг ҳудудий бошқармаси фаолиятига қандайдир маънода баҳо бериш ёки салбий фикр билдиришдан йироқмиз. Фақатгина холислик нуқтаи назаридан мана шундай хато ва камчиликларга келгусида йўл қўймасликнинг олдини олиш тарафдоримиз, холос. Чунки, судлар нафақат низоларни кўриб, ҳал этиши, балки, уларнинг олдини олишга ҳам бирдек кўмаклашиши зарур.
Тақдим этилаётган даъво талабларининг асосли ва кам-кўстсиз, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши эса суд учун ҳам, манфаати ҳимоя қилинаётган томон учун ҳам бирдек муҳим ва зарурдир.
Ҳусан ТУРСУНОВ,
Усмон ЛАТИПОВ,
Қарши туманлараро иқтисодий суди судьялари