ЯнгиликларМаҳаллийДеҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш: таҳлил ва таклиф

Деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш: таҳлил ва таклиф

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган.

Шу билан бирга, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш эвазига тармоқда қўшимча ўсишга эришишда илмий асосланган ёндашув ва ўрганишларни инобатга олиш тақозо этилмоқда.

Жумладан, ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.

Кўрсатиб ўтилган тармоқлар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини ушбу соҳада кенг қўллаб-қувватлаш мамлакат қишлоқ хўжалагининг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда, мамлакатимизда деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда.

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга асосан деҳқон хўжалиги мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ва реализация қилишни деҳқон хўжалиги аъзоларининг шахсий меҳнати асосида амалга оширувчи хўжаликдир.

Деҳқон хўжалигининг фаолияти тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ҳам, юридик шахс ташкил этмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар қандай қилиб деҳқон хўжаликларини ташкил этиши ва уларни рўйхатдан ўтказиши мумкин, яъни деҳқон хўжалигини ташкил этишда қонунчилик ҳужжатларимизда қандай талаблар мавжуд?

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши, унинг хотини (эри), ота-онаси, фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси ва набиралари, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (фарзандлари ва набираларининг эри (хотини), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эри (хотини)) деҳқон хўжалигининг аъзолари бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун деҳқон хўжалиги бошлиғида ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келган бўлиши лозим.

Деҳқон хўжаликларини (юридик шахс тузган ҳолда ёки юридик шахс тузмаган ҳолда) давлат рўйхатидан ўтказиш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиши ёки давлат хизматидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон фойдаланишлари мумкин. Юридик шахс тузган ҳолда деҳқон хўжалигини рўйхатдан ўтказиш учун деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, тегишли таъсис ҳужжатлари, деҳқон хўжалиги манзили, таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилса, юридик шахс тузмаган ҳолда деҳқон хўжалигини рўйхатдан ўтказиш учун деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ҳамда деҳқон хўжалиги бошлиғи ҳақидаги маълумоларни ариза берувчилар тақдим этади.

Маълумот учун, деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади.

Деҳқон хўжаликларини рўйхатдан ўтказиш мурожаат қилинган вақтдан бошлаб реал вақт режимида, аммо ўттиз дақиқадан ошмаган муддатда амалга оширилади. Деҳқон хўжаликларини рўйхатдан ўтказилганлиги учун давлат божи ундирилмайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда жами 210 463 та деҳқон хўжаликлари фаолият юритаётган бўлса, шулардан 93 414 та хўжалик аёл тадбиркорлар томонидан юритилмоқда.

Биргина 2022 йилда 155 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 10 сентябрдаги ПҚ–373-сон қарори соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтарди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

 

Зебиниса Ҳакимова,

Қибрай туман Давлат хизматлари маркази

директори 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img