1. Хусусий корхонада ишлайдиган аёллар учун ҳам “декрет пули” бериладими?
Ҳа, берилади.
2. Хусусий секторда ишловчи аёлларга “декрет пули” қандай тартибда берилади?
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси 5 иш куни ичида ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғуруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади.
“Тиббиёт” АТ томонидан маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган маълумотлар асосида автоматик тарзда текширилади.
“Тиббиёт” АТ томонидан текширилган маълумотлар автоматик равишда “Ягона реестр” АТга юборилади.
“Ягона реестр” АТ томонидан тўлов рўйхат (ведомост)лари банк пластик картаси бўйича шакллантирилади.
Нафақа олувчининг банк пластик картаси бўлмаганда, тўлов нақд пул кўринишида амалга оширилади.
Демак, сиздан талаб қилинадиган ҳаракат — фақат ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғуруқхона муассасасининг масъул ходимидан сизнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақасини “Тиббиёт” ахборот тизимига киритишни сўраш.
3. “Декрет пули” олиш учун хусусий секторда қанча вақт ишлаш керак?
Бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлиш керак.
4. “Декрет пули” миқдори қанча?
Ходимнинг фарзанди туғилгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида (ҳозирда 1 992 000 сўм) тўланади.
5. “Декрет пули” тўланаётганда “туман коэффициенти” қўлланиладими?
Йўқ, қўлланилмайди.
6. Бола парваришидан қайтганига кўп бўлмаган аёллар ҳам “декрет пули” олиши мумкинми?
Олиши мумкин. Бунда иш стажи сифатида унинг бола парваришига қадар ишлаган иш стажи ҳисобга олинади.
7. “Декрет пули”ни қаердан олиш мумкин?
АТ “Халқ банки” ва унинг бўлимларидан олиш мумкин.
Саламат Туремуратов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими