Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонДепутатларни калтаклаш урфга киряптими?

Депутатларни калтаклаш урфга киряптими?

Ҳали андижонлик депутатнинг масаласи “совимай”, халқ депутатлари Бойсун туман кенгаши депутати Ўктам Жабборовнинг таёқ билан калтакланишига оид гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Яъни шу йилнинг 14 апрель куни бир неча шахслар Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатни калтаклашган.

Партия марказий кенгаши томонидан кўтарилган масала эса айбдорларни жавобгарликка тортиш чўзилиб кетаётгани билан боғлиқ. Аниқроғи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Суриштирув ишлари бошланганига бир ярим ойдан ошган бўлса-да, ҳамон муайян бир хулосага келинмагани, тергов ҳаракатлари чўзиб юборилгани жабрланувчи, унинг яқинларининг норозилигига, партиядошларининг хавотирига сабаб бўлмоқда”, дея Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

Албатта, мазкур масалага ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорлар қонуний жазога тортилади. Зеро, мамлакатимизда ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Аммо биз депутатлар масаласига оид бошқа фикр-мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.

Депутат халқ вакили. Шундай экан, унинг асосий фаолияти халқ билан – сайловчиларининг оғриқли ва муаммоли масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлади. Депутатлик фаолиятини амалга ошираётган шахсга беписандлик, таҳдид ёки очиқдан-очиқ тажовуз асло кечирилмас ҳолатдир. Айниқса, бундай аянчли ҳаракатлар қонун ҳимоячилари томонидан амалга оширилса, бояқиш депутат дардини кимга айтсин?

Депутатларни фаоллиги ёки ташаббускорлиги сезилмаслиги борасидаги гап-сўзлар алоҳида мавзу. Унга кейинги чиқишларимизда тўхталамиз.

Ўтган йилги Наманган ва яқиндаги Андижон воқеалари, яъни, депутат билан боғлиқ ҳодисалар кўпчилликнинг ёдида турибди. Ёки ўз айбини хаспўшлаш мақсадида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштириш, ҳатто уни обрўсизлантириш учун судга бериш ҳолатларини айтмайсизми? Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, депутатнинг мақоми, унинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз ёки унга нисбатан туҳмат ҳамда ҳақорат қилганлик қонунда маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгарлик белгиланган бўлса-да, нега ҳанузгача депутатларимизга муносабат, уларга ҳурмат кўнгилдагидек эмас?

Энди ўзингиз ўйланг, агар тўлақонли ҳимоя қилинмаса, келгусида депутатнинг халқ манфаати учун курашишга журъати етадими? Ёхуд депутат “Оч қорним тинч қулоғим” қабилида иш юритишга ўтиб олмаслигига ким кафолат беради?

Модомики гап депутатларнинг ҳимояси хусусида борар экан, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг:  “Андижон воқеаси анчадан бери жамиятда етилиб келган муаммони қалқитиб чиқарди. Бу ҳолат мамлакатимизда на Конституцияга, на бошқа қонун ҳужжатларига амал қилмаётган ходимларнинг, тизимнинг қиёфасини фош қилди, қонунчиликнинг заиф нуқталарини кўрсатди. Масаланинг ана шу тилга олинган жиҳатлари депутатни чеклаб қўймоқда, халқ олдида мулзам қилмоқда. Айни паллада қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш пайти келди”,  — деган фикрларини келтириш ўринли.

Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз