Ривожланган давлатлар парламенти фаолиятини кузатар эканмиз, аввало, парламент мажлислари очиқ ўтказилишига гувоҳ бўламиз. Парламент мажлислари бевосита жонли эфирда барча телевизион каналлар ва интернет тармоқларида узатиб борилади.
Юртимизда эса Олий Мажлис йиғилишлари ёпиқ ҳолда ўтказилар, унда қайси қонунлар муҳокама қилинганини, муҳокама жараёни қандай кечгани, депутатларимиз қандай таклифларни беришганию ва улар қандай қарорга келишгани оддий аҳоли учун қоронғи эди.
Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки даврларида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Парламентни кескин танқид қилиб, ўтказилаётган Олий Мажлис йиғилишлари очиқ бўлиши лозимлигини таъкидлаган бўлса-да, масъуллар билдирилган танқидларга кўз юмиб келаётган эди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида “биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади”, дея белгиланган бўлса-да, Қонунчилик палатасининг расмий веб сайтида қонун лойиҳасининг матни деярли қўйилмас эди.
Мазкур камчиликларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
Фармони қабул қилинди. Бунга кўра:
Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилди:
парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар;
Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотлар.
Ушбу Фармон билан фуқаролар эндиликда Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотларни бевосита кўриб боради ҳамда қайси депутат қандай қарорга келганини кузатиб бориши мумкин.
Шунингдек, парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни тўғридан тўғри паламент расмий веб саҳифаси орқали кузатиб бориши мумкин.
Бундан ташқари, биз кутган ўзгариш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) 2021 йил 1 декабрдан телеканаллар ва интернет тармоқлари орқали онлайн тўғридан тўғри ёритилиб борилиши белгиланди.
Ушбу Фармон парламентимизнинг очиқлигини таминлаш, фуқаролар ҳам қонунчилигимизда бўлаётган ўзгаришлардан хабардор бўлишимизга, шу билан бирга ўзимиз ишониб сайлаган депутатларнинг салоҳиятини, қонунчиликдаги ташаббусларини кўриб, кузатиш имконини беради.
Шакарбой Ғайибназаров,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими