Шиддат билан ўзгараётган замонда турли хил муносабатларнинг ривожланаётгани, янгидан-янги товар-алмашинуви ва электрон технологияларнинг ҳаётимизга жадал кириб кетаётганлиги барчамизга маълум. Барча ривожланаётган давлатлар ҳам профессионал қонунлар қабул қилиш амалиётига ўтмоқда. Бунда эса, оддий инсонлар учун қонунларни тушунарли ва содда тилда тушунтириш лозим. Бу борада Давлат хизматлари марказларини ташкил этилиши ўз навбатида давлат органларини халқ билан мулоқотини янги босқичга олиб чиқди. Ҳозирги кунда Давлат хизматлари марказларида кўрсатиб келинаётган хизматлар сони 150 дан ортди. Ушбу хизмат турлари давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган кундан ҳозирга қадар қарийб 4 баробарга кўпайди. Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида аҳолига кўрсатилган хизматлар ва олдинда турган вазифалар муҳокама қилинди.
Жумладан, ортда қолган 5 ой давомида жисмоний ва юридик шахсларга жами 327.533 та турли йўналишларда давлат хизматлари кўрсатилди. Шулардан 312.659 таси ДХМ орқали, 14.914 таси интернет орқали кўрсатилди. Ушбу хизматлардан 3127 таси сайёр тартибда ўтказилган тадбирлар давомида амалга оширилган.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан 234 та мурожаатлар келиб тушган. Улардан, 75 таси қаноатлантирилган, 116 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 16 таси тегишлиги бўйича юборилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 23 таси кўриб чиқиш жараёнида.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан жорий йилнинг биринчи июнидан бошлаб, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, фуқаролардан турли маълумотномалар сўраш амалиётига чек қўйилмоқда. Фармон билан, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириб, 18 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш бекор қилинди. Эндиликда, аҳоли ва тадбиркорли субъектларидан сўраш бекор қилинган маълумотларни автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олади. Шунингдек, матбуот анжумани давомида ваколатли давлат органлари томонидан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда қонунбузилиши ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 1 минг 811 та қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ваколатли идораларга 9 та тақдимнома, 80 та огоҳнома киритилди. Мансабдор шахсларга нисбатан 78 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Қонунбузилишга йўл қўйган шахсларнинг 28 тасига интизомий, 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Матбуот анжуманида Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимларида аҳолига яратилган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, фуқаролар томонидан тўланадиган тўловлар инвойс орқали амалга оширилиши айтиб ўтилди. Бунда, фуқаронинг шахсий телефонига тўлов амалга оширилганлиги ҳақида смс хабар келади. Унда тасдиқлаш коди бўлади. Код бириктирилгандан сўнг никоҳ гувоҳномаси берилади. Фуқароларни ортиқча югур-югурлардан холи этган яна бир янгилик никоҳни қайд қилиш жорий йилнинг 1 июндан бошлаб экстерриториал тартибда амалга оширилиши бўлди. Эндиликда яшаш жойидан қатъий назар фуқаролар исталган ҳудуддаги ФҲДЁ бўлимига никоҳни қайд этиш учун ариза топшириш ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш мумкин.
Тадбир сўнгида, ДХА фаолиятини ёритишда жонбозлик кўрсатган журналист ва блогерлар эътироф этилиб, уларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.