ЯнгиликларМаҳаллийДилфуза Эгамбердиева АҚШ микробиология жамиятининг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди

Дилфуза Эгамбердиева АҚШ микробиология жамиятининг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди

Илм-маърифатли аёл жамиятнинг тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айнан у болаларни тарбиялаб, вояга етказади. Уларнинг онги, дунёқараши, билим даражасини шакллантиради.

Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Агар биз фарзандларимизни соғлом ва баркамол, Ватанга содиқ инсонлар этиб вояга етказиш ниятида эканмиз, аввало, хотин-қизлар учун илм-фан ва касб-ҳунар йўлларини кенг очиб беришимиз керак”, деб алоҳида ташаббус кўрсатган эди. Кейинги йилларда нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам ўз ақл-салоҳияти, заковати билан бошқаларга ўрнак бўлиб, эътироф этилаётган хотин-қизларимизнинг сафи кўпайиб бормоқда.

Дилфуза Эгамбердиева эса мана шундай тиниб-тинчимас, чинакам ўзбек олималаридан бири ҳисобланади.

Дилфуза Эгамбердиева яқинда АҚШ микробиология жамиятининг (ASM) Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди. Буни юртимиз хотин-қизларига бўлган ишонч ва рағбат деб айтсак ўринли бўлади. Дунёдаги энг қадимги ва энг йирик ягона табиий фанлар жамияти бўлган AҚШ микробиология жамияти (ASM)нинг фаолияти микробиология фанини тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган. Мазкур муассаса жамиятнинг илмий тадқиқот салоҳиятини ошириб, глобал ҳамкорлик ва таълим дастурлари орқали дунё бўйлаб барқарор соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Дилфуза Эгамбердиеванинг вазифаси AҚШ микробиология жамиятининг мамлакатдаги фаолиятини таъминлаш, ўзаро ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

Дилфуза Эгамбердиева Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факультетини тамомлаб, 2000 йилда Берлиннинг Гумболдт университети, Қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик факультетида фан доктори илмий даражасини олган. Фан докторликдан кейинги тадқиқотларини Ҳелсинки, Манчестер, Лейден, Флоренция университетлари ҳамда Германиянинг Қишлоқ хўжалиги марказида давом эттирган. “Илмни меҳнатсиз эгаллаб бўлмас” деганларидек, тиниб-тинчимас Дилфуза Эгамбердиева 2019 йилда Хитой фанлар Aкадемияси, Шинжон Экология ва география институтида профессор лавозимида фаолият олиб борган. Улар билан йўлга қўйган ҳамкорлик натижасида жорий йилда Ўзбекистон Миллий университети қошида очилган Ўзбекистон-Хитой қўшма лабораториясига раҳбарлик қила бошлади.

Дилфуза Эгамбердиеванинг тадқиқотлари ўсимлик ва тупроқ микробиомини ўрганишга йўналтирилган бўлиб, айни пайтда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатлари олимлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Шогирдларига илм йўлида сарбон бўлиб йўл кўрсатаётган ҳамюртимиз 2014 йилдан бери Глобал ёшлар Aкадемияси аъзоси, шу билан бирга 2017-2018 йилларда Германия федерал ҳукуматининг амалий ва гуманитар фанлари бўйича эксперт кенгаши аъзоси саналади. 2018-2019 йилларда эса БМТ нинг дунё озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси (HPLE) эксперт кенгаши аъзолигида фаолият олиб борган.

Мухтасар айтганда, Дилфуза Эгамбердиева мазкур лавозими ва шижоати орқали ватанимизда энг муҳим соҳалардан бири бўлган Микробиология соҳасини ривожлантириб, Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида таълим, илмий тадқиқот борасидаги ҳамкорликларини кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.

Раима ШИРИНОВА,
ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img