Бош саҳифаЯнгиликларДиний материалларни тарқатиш мумкинми – мутахассислар ва...

Диний материалларни тарқатиш мумкинми – мутахассислар ва тармоқ фаоллари фикри

Ижтимоий тармоқларда диний материаллар тарқатиш билан боғлиқ мавзу атрофида қизғин муҳокамалар бормоқда. Бунда ижтимоий тармоқ фаоллари, бир қатор ҳуқуқшунослар ва диний идора вакиллари ўзларининг мулоҳазалари билан улашишяпти.

МЖтК нинг 184-2-моддасига мувофиқ, диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача (6 млн 600 минг сўмдан 33 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса — эллик бараваридан юз эллик бараваригача (16 млн 500 минг сўмдан 49 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда материал қайси қурилмада тарқатилган ёки  сақлаб турилган бўлса, ўша қурилма (масалан, телефон ёки компьютер) ҳам мусодара қилинади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин қайта содир этиладиган бўлса, жиноий жавобгарлик келиб чиқади ёки агар тайёрланган, сақланган ва тарқатилган диний мазмундаги материаллар жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солса (бу экспертиза ўтказиш ва мутахассис хулосасини олиш орқали аниқланади), бундай қилмишлар учун қонунларимиз оғирроқ жиноий жавобгарликни назарда тутади.

Мана шуларни асос қилиб адвокат Хайрулло Қосимов қуйидагича ёзади: “Жума билан табриклаш тақиқланмаган, бунинг учун бирон бир жавобгарлик ҳам назарда тутилмаган. Хоҳласангиз бошқа кунлар билан ҳам табриклайверинг, ҳеч ким қаршилик қилмайди. Лекин айрим ҳолларда табриклаш билан бирга диний материаллар ҳам, масалан, диний маъруза ёки диний қўшиқлар ҳам жўнатилиши мумкин. Бу эса жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин”.

Ҳуқуқшунос Хайрулло Қосимов.

Ҳуқуқшунос Бекзодбек Авазбекович: “Тасаввур қилинг, Сизнинг телефонингизга ёки бошқа электрон қурилмангизга ижтимоий тармоқлар орқали кўзга кўринган дин вакилларининг (масалан, Шукрулло домла, Аброр Мухтор Алий, Рустамжон домла ёки марҳум шайхимизнинг) бирор видео ёки аудио ёзувли чиқишлари келиб тушди. Ушбу дин вакилларининг чиқишлари юртимизда тақиқланмаганини ҳаммамиз яхши биламиз, шунинг учун имкониятимизга қараб бирор хавотирсиз эшитамиз ва амал қиламиз. Шу билан кифоялансак яхши. Лекин, биз нима қиламиз? Албатта бундай манфаатли сўзларни бошқаларга ҳам илингимиз, улашгимиз, тарқатгимиз келади. Ҳатто аудио-видео файлни ижтимоий тармоқдан юклаб, телефон ёки картанинг хотирасида сақлаб ҳам оламиз”, — деб, бу хатти-ҳаракатимизни ҳуқуқий жавобгарликка олиб келишини таъкидлайди.

Яна бир юрист Жамшид Усманов ушбу ҳолатда жавобгарлик қўллаш тартибини ислоҳ қилиш кераклигини айтиб, ўзининг таклифини билдиради. Диний материалларни тайёрлаш ва тарқатиш учун олдиндан рухсат олиш тартибини бекор қилиб, мавжуд мониторинг тизимини кучайтириш керак. Бунда материални тарқатиш учун олдиндан рухсат олинмайди, лекин қўмита томонидан олиб бориладиган мониторинг жараёнида салбий мезонларга тушувчи диний материал аниқланса, материал эгасига уни ўчириш (йўқотиш) талаби қўйилади. Талаб бажарилмаса, кейин жавобгарлик масаласини қўйиш мумкин, дейди ҳуқуқшунос.

Ҳуқуқшунос Жамшид Усманов.

Azon TV журналисти Ғайратхўжа Саидалиев айтишича, “ўзингиз билган-билмаган, таниган-танимаган одамларнинг маърузаларини тарқатманглар. Насиб қилган бўлса, қадарида бўлса, ўша маъруза юбормоқчи бўлган одамингизга ўзи етиб боради. Сиз юборманг шуни”, — Чунки — ” юбораётган маърузангиз агар тақиқланган бўлса, уни олдиндан билмаслигингиз мумкин. Экспертиза хулосаси буни ижобий баҳоламаса, жиноят содир этилган ҳисобланади.”, — деб қўшимча қилади журналист.

Журналист Ғайратхўжа Саидалиев.

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатиш атрофидаги гап-сўзларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўз муносабатини билдирди. “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ”, — дейилади идора хабарида.

Шу билан бирга Мусулмонлар идораси бузғунчи оқимлар ўз ғояларини одамни ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринишаётганини айтиб, экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланишини эслатади.

Қонун нима дейди?

Диний мазмундаги материал қандай бўлади? Уларни тарқатиш мумкин эмасми?

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонунга кўра диний мазмундаги материаллар диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи маълумотларни ўзига олган ҳар қандай материаллар диний материаллар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Бундай экспертиза ўтказилишининг сабаби диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш ҳисобланади.

Яъни интернетда, жумладан, YouTube, Instagram, Telegram, META (facebook), Twitter каби ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги материалларни тарқатишга диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейингина йўл қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхатини эълон қилганди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз