Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонДорихона ходими беморга дори воситасини тавсия қилиши...

Дорихона ходими беморга дори воситасини тавсия қилиши тўғрими?

Муҳаббат Ибрагимова,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси:

— Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқлаган низомга асосан амалга оширилади.

Унга мувофиқ, дори воситаси ва тиббий буюмни бериш пайтида дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими харидорга қуйидагилар ҳақида маълумот бериши лозим:

  • дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби,
  • қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари,
  • қўллаш усули,
  • сақлаш тартиби,
  • яроқлилик муддати ва бошқалар.

Шунингдек, дорихона ходими харидор эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмнинг қўллаш йўриқномаси билан танишиб чиқишга қаратиши керак.

Дорихона ходими истеъмолчи (ёки бемор) ҳолатига кўра дори тавсия қилиши, шунингдек, даволовчи шифокор кўрсатмасига биноан рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептисиз беришини, албатта, нотўғри деб биламан.

Чунки беморнинг касаллик тарихи, ундаги физиологик ҳолат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб, ўзбошимчалик билан дори тавсия қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қонунчиликка мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши белгиланган.

Бунда беморга тайинланган дори воситалари (ҳалқаро патентланмаган номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд қилинади ва даволовчи шифокор томонидан имзоланади.

Афсуски, шунга қарамай, айрим дорихоналарда рецепт билан берилиши лозим бўлган дори воситаларини рецептсиз бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўзбошимчалик билан даволаниш ҳамда дори воситаларининг тартибсиз истеъмоли натижасида турли ножўя таъсирларни келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда, юртдошларимиздан дори воситаларини шифокор кўрсатмасига биноан харид қилишлари ва уларни истеъмол қилишда, албатта, қўллаш йўриқномасига қатъий амал қилишларини сўраб қоламан.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз