Когон туманида яшовчи 9 нафар фуқаро Бухоро вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, уларга тегишли бўлган савдо дўконлари Когон туман ҳокимлиги томонидан бузилганлиги сабабли компенсация тўлаб берилмаётганлигидан норози эканлигини билдирган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилганда, тумандаги «Б.Нақшбанд» зиёратгоҳи ҳудудида жойлашган савдо дўконлари 2017 йил ноябрь ойида вилоят ҳокимининг 2018 йил 22 майдаги «Бухоро вилоятидаги «Етти пир» зиёратгоҳи мажмуаларидан «Баҳоуддин Нақшбанд» ансамблини қайта реконструкция қилиш ҳақида»ги фармойишига асосан буздириб ташланганлиги, бироқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаси учун ер эгасининг розилиги олинмаганлиги ва ердан фойдаланувчи ҳамда ижарага олувчи билан келишув бўйича тегишли равишда туман ҳокимининг қарори чиқарилмаганлиги, савдо дўконлари учун тенг миқдордаги ер майдони ва компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Шундан сўнг, амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг манфаатида жавобгар Когон туман ҳокимлигига нисбатан тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига даъво аризалар киритилиб, суднинг тегишли ҳал қилув қарорларига кўра жавобгардан фуқаролар фойдасига буздирилган савдо дўконларининг ер майдонига тенг ер участкаси ажратиш мажбуриятини юклаш ва жами 646 миллион 62 минг 313 сўм миқдордаги компенсация пулларини ундирилиши белгиланди.
Туйғун АЗИМОВ,
Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими