Бош саҳифаТаҳлилДунё Конституцияларига назар

Дунё Конституцияларига назар

Конституция – давлатнинг асосий қонуни, олий юридик кучга эга бўлган ўзига хос меъёрий ҳуқуқий ҳужжатдир.

Давлатимизнинг бош Қомуси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганлиги кўпчилигимизга маълум. Аммо дунё Конституциялари билан-чи? Йўқ дейсизми? Унда, биз сизга шу имкониятни тақдим этамиз. Қуйида улар ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Сан-Марино

Конституцияси ҳақли равишда энг қадимий ҳужжат ҳисобланади. Италиянинг анклави саналган ушбу мамлакат Европадаги энг қадимги ҳамда дунёдаги энг кичик давлатдир. Мамлакат Конституцияси анчагина ҳажмдор бўлиб, икки қисмдан иборат: Республика қонуний мақоми (1600 йил) ҳамда Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва давлат тузилишининг асосий тамойиллари декларацияси (1974 йил). Иккинчи қисм 1974 йилда қўшимча сифатида қабул қилинган. Шу муносабат билан, айрим олимлар ҳанузгача мазкур конституциянинг қадимийлик мақомини тан олмайдилар.

Ҳиндистон

Ҳиндистоннинг асосий Қонуни ҳажми бўйича энг катта Конституция ҳисобланади: 395 модда, 12 илова ва 500дан ортиқ тузатишлар. Бундан ташқари, у шу қадар мураккаб тилда ёзилганки, ҳаттоки мамлакат аҳолисининг ўзи ҳам баъзан уни тушунишга қийналади.

Эквадор

Эквадор Конституциясида нафақат одамлар, балки …табиатнинг ҳам ҳуқуқлари акс эттирилган. Шу боис, мамлакатнинг асосий Қонуни яна энг “яшил ҳужжат” деб ҳам номланади. Айтгандек, бу ҳолат ўрмон кесилишини чеклаш ва қурилишларни тўхтатиш учун мунатазам равишда судга даъво билан чиқадиган экологларга жуда қўл келади.

Япония

Конституцияга биноан энг осойишта давлат, бу – Япония. Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубият ҳамда АҚШ оккупациясидан сўнг, Японияда 1947 йилда абадий пацифизмни назарда тутувчи асосий Қонун қабул қилинган.

Япон Конституциясига мувофиқ, давлат бундан буён ҳеч қачон ҳарбий кучларни яратмаслик, уруш келтириб чиқармаслик ва халқаро низоларда куч ишлатмаслик мажбуриятни олган. Япония армияси фақат давлат муҳофазаси учун ташкил этилган.

Германия

Германия Конституциясининг маъноси ҳам Японияникига ўхшайди. У Гитлер Германияси вайрон этилганидан сўнг ёзилган. Шунинг учун, қонуннинг деярли ҳар бир бўлимида немисларнинг тинчликсевар ғояси илгари сурилган.

Мальта

Мальтияликлар ҳам шунга ўхшаш пацифистик интилишларга эга. Мальта ўзини “фаол тарзда тинчликка интилувчи нейтрал давлат” сифатида эълон қилиб, ҳеч қандай ҳарбий иттифоқларга қўшилмаслик сиёсатига амал қилади.

Австралия

Австралия иттифоқи дунёдаги энг қадимий Конституциялардан бирига эга. У 1900 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозирга қадар амал қилади. Ҳужжатга олти марта ўзгартиришлар киритилган. 1967 йилда эса ундан аҳолини рўйхатга олиш чоғида аборигенларни ҳисобга олишни тақиқлайдиган низом чиқарилган.

Миср

Мисрнинг асосий Қонунида бутун бир бўлим матбуотга бағишланган. Конституция ОАВ эркинлигини кафолатлайди ҳамда газеталар мусодара қилиниши ва ёпилишини тақиқлайди. Ҳужжатда матбуот тўртинчи “мустақил халқ хокимияти” сифатида талқин этилган.

Коста-Рика

Коста-Рикада Конституция саккиз марта қабул қилинган. Сўнгги нашр 1949 йилда кучга кирган бўлиб, унда давлат раҳбарини танлашга доир қизиқ ҳолат мавжуд: агар президентликка номзодлар тенг сонли овоз тўпласалар, афзаллик ёши катта номзодга берилади.

Ямайка

Ямайка Конституция 1962 йил 6 август (Мустақиллик куни)гача ёки шу санадан кейин оролда дунёга келган барча шахсларга фуқаролик тақдим этиш имконини беради. Истисно ҳолат – душман давлатлар фуқароларининг болалари. Шунингдек, Ямайкада рўйхатдан ўтказилган кемада ёки самолётда дунёга келган чақалоқлар ҳам Ямайка паспортини олишлари мумкин. Ямайка фуқароларининг хорижда туғилган болалари ҳам ота-онаси мамлакатининг фуқаролари ҳисобланади.

Исломий давлатлар

Диний қоидалар Конституциядан муҳимроқ ҳисобланган давлатлар ҳам мавжуд. Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Покистон шулар жумласидандир. Ливияда асосий Қонун вазифасини Қуръон бажаради. Саудия Арабистонида эса Конституциянинг биринчи моддаси қуйидаги мазмунга эга:

“Саудия Арабистони Қироллиги – суверен араб ислом давлати. Унинг дини – Ислом, Конституцияси – Буюк Оллоҳ Китоби ва унинг Пайғамбаридир, тили – араб тили, пойтахти – Ар-Риёд”.

Саудияликлар Конституцияга эмас, балки Қуръонга қасамёд қиладилар ва шариат қонунлари бўйича яшайдилар.

Собиқ Иттифоқ

Собиқ Совет ҳудудида (собиқ социалистик давлатлар мустақиликка эришганидан сўнг) бизнинг мамлакатимиз – Ўзбекистон биринчи бўлиб Конституцияни қабул қилган.

АҚШ

АҚШ Конституцияси – ҳозирда мавжуд Конституцияларнинг энг қадимийси бўлиб, у 220 йил муқаддам қабул қилинган ва атиги 4,4 минг сўздан ташкил топган ўта қисқа ҳужжатдир. Қизиғи, АҚШ Конституциясида “демократия” сўзи тилга олинмаган.

Буюк Британия

Демократия намуналаридан яна бирини ёдга олсак. Ғарб оламида, бу – Буюк Британия. Фақат мамлакат Конституцияга эга эмас. Британия ҳуқуқи битта ягона тамойилга асосланади: “ҳар ким қонунда тақиқланмаган нарсани қилишга ҳақли”.

Исроил

Конституциясиз яна бир мамлакат – Исроилдир. Бироқ, бу ерда 70 йилдирки уни яратишга ҳаракат қиладилар. Ҳозирча жамиятнинг дунёвий ва диний вакиллари орасидаги келишмовчиликлар бунга йўл бермаяпти.

Африка давлатлари

Бугунги кунда Африка мамлакатлари энг ёш Конституцияларга эга: 39та Африка давлатининг 19тасида Конституция 2000 йилдан кейин ёзилган.

Ватикан

Ватикан Конституцияси бизга таниш бўлган асосий қонунлардан анча фарқ қилади. У кичик ҳажмда бўлиб, асосан Рим Папасининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган. Масалан, Ватикан Конституциясининг биринчи сўзлари қуйидаги мазмунда ёзилган:

“Шахсий ташаббусимиз ила, суверен ҳокимият ҳақиқати ва тўлиқлигидан келиб чиқиб, биз давлат қонуни сифатида қуйидагиларга риоя этишни буюрдик ва буюрамиз”.

Сўнгра риоя этилиши керак бўлган қоидалар рўйхати келтирилган. Конституция 2001 йилда қабул қилинган.

Бразилия

Бразилия эса ўз Конституциясида ҳиндуларга урғу беради. Ушбу миллат учун алоҳида бўлим ажратилган бўлиб, у “Ҳиндулар тўғрисида” деб номланади. Мазкур қоида уларнинг анъаналари, урф-одатлари, тили, шунингдек улар эгаллаган ерларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилиши ва муҳофаза қилинишини назарда тутади. Конституция 1988 йилда қабул қилинган.

Франция

Франция мамлакатда мунтазам равишда юз берган инқилоблар асосий қонуннинг тез-тез ўзгаришига сабаб бўлганлиги билан ном қозонган. Шу вақтга қадар 15та Конституция қабул қилинган бўлиб, уларнинг айримлари ишлаб чиқилиш ҳолатида бўлган. Мамлакатнинг ҳозирги Конституцияси 1958 йилда қабул қилинган.

Исландия

Исландия энг демократик тарзда тузилган Конституцияси билан мақтаниши мумкин. У лотерея ёрдамида танланган 950 нафар фуқаро томонидан тузилган.

Россия Федерацияси

Россия Федерациясининг Конституцияси ҳам нисбатан ёш қонун ҳисобланади. Ундаги қатъий қоидалар сабабли айрим бўлимларни янги Конституцияни қабул қилмасдан ўзгартириш мумкин эмас. Ҳозирда мавжуд Конституция 3,5 йил давомида яратилган. Конституцияда “парламент”, “сенаторлар” сингари хориж тилига мансуб сўзлар мавжуд эмас. Асосий қонунга тузатишлар кўпинча вилоятлар (РФ субъектлари) номининг ўзгариши сабабли киритилган. РФ Конституциясининг нусхалари 1999 ва 2005 йилларда фазога кўтарилган. Уларнинг бири “Мир” станциясида, иккинчиси эса Халқаро фазо станциясида бўлган.

Мафтуна ЖЎРАЕВА тайёрлади

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз