“Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш белгиланди.
Фармон билан вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекцияларни ўз ичига оладиган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ягона тизими жорий қилинди.
Давлат бошқарувида очиқлик даражасини янада ошириш рақамли технологияларни жорий этиш, рақамлаштирилган давлат бошқаруви моделига ўтиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб синов тариқасида энг дастлаб Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизим орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти жорий қилинмоқда.
Кейинчалик эса, 2023 йил 1 июнга қадар синов натижалари бўйича 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб барча республика ижро этувчи ҳокимият органлари буйруқ, қарор ва фармоишлари “E-qaror” электрон тизим орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Шунга кўра, 2023 йил 16 январь куни “E-qaror” электрон тизими орқали Адлия вазирининг дастлабки буйруғи қабул қилинди.
Ушбу тизим энг дастлаб, 2020 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ-4551-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 январга қадар синов тариқасида ишга туширилган эди.
“E-qaror” электрон тизимини жорий этиш бўйича ўтказилган эксперимент натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини қабул қилиш (чиқариш) муддатлари қисқарганлиги, уларни ишлаб чиқишда инсон омили ва аралашуви камайганлиги, шунингдек, қарорлар ва фармойишлар билан аҳоли доимий равишда танишиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда ушбу тизим жамоатчилик назорати учун самарали механизмдан бирига айланди.
“E-qaror” электрон тизимининг асосий мақсади, ижро ҳокимияти органларида коррупция ҳолатлари олдини олиш, фуқароларнинг эркин ахборот олишга оид конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга имконият яратиш, ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги, қонунийлиги ва бир хилликнинг таъминланиши ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат.
Ҳосилмурод Кушматов,
Пахтакор туман адлия бўлими бошлиғи