Миссия аъзолари ҳозирги сайлов қонунчилиги халқаро стандартларга тўла жавоб беради, деб эътироф этишди.
Бюронинг қайд этишича, сўнгги йилларда сайлов қонунчилигида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди, бу эса, ЕХҲТ\ДИИҲБнинг кўплаб тавсияларини имплементация қилишга хизмат қилди.
Миссия, ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирганда, биринчидан, сайловолди ташвиқотини тўсқинликсиз ўтказиш кафолатлари кучайтирилганини қайд этади. Масалан, илгари сиёсий партиялар электорат иштирокида оммавий тадбирлар ўтказишни маҳаллий ҳокимият органлари билан 30 кун олдин келишиб олишлари керак бўлган бўлса, энди, янги қонунчиликка кўра, бундай тадбирларни ўтказишдан камида 3 кун олдин давлат тузилмаларига хабар беришлари кифоя.
Иккинчидан, сайловолди ташвиқоти пайтида давлат ходимларининг ҳар қандай сиёсий партия ёки номзод фойдасига ёки унга қарши ўз лавозимидан фойдаланишига нисбатан тақиқ жорий этилди.
Учинчидан, сайловларда иштирок этиш учун молиявий маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича талабларнинг ўрнатилиши. Энди партиялар сайлов кунигача МСКга оралиқ ҳисоботни ва уларга ажратилган давлат маблағлари тўғрисида якуний сайлов ҳисоботини тақдим этишлари шарт.
Тўртинчидан, сайловчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларининг кучайтирилиши. Янги қонунчиликка кўра, фуқаролар сайлов комиссияларининг қарори юзасидан ўз шикоятлари билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Илгари фуқаролар фақат юқори сайлов комиссияларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишган. Бу низоларни кўриб чиқиш жараёнини кечиктирган.
Бешинчидан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кенгайтирилиши. Энди, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари олдиндан консуллик рўйхатидан ўтмасдан овоз беришлари мумкин.
Нуфузли халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда миллий сайлов тизимини изчил такомиллаштириш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган.
2019 йил 25 июндаги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши бунинг яққол далилидир. Ҳужжат бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўз ичига олади. Олдинги сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни сайлов қонунчилиги ва амалиётга жорий қилишга эътибор кучайтирилди.
Эслатиб ўтамиз, МСКнинг таклифига биноан, ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ва Европа парламентининг қўшма Миссиясии илк маротаба юртимиздаги президент сайловини кузатмоқда.
Ирландиялик дипломат Оуэн Мёрфи бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари жорий йилнинг 15 сентябридан буён сайловларни кузатишмоқда. Миссия 17 нафар кишидан иборат асосий гуруҳ, 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳамда ЕХҲТ га аъзо 26 мамлакатдан ташриф буюрган 207 нафар қисқа муддатли кузатувчи сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатишди. Шу билан бирга, президент сайловини кузатиш учун ЕХҲТ\ДИИҲБ раҳбарияти, хусусан, ЕХҲТ\ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи ҳам иштирок этди.
Бундан ташқари, 27 мамлакатдан 98 нафарга яқин депутат-кузатувчилардан иборат ЕХҲТ Парламентской ассамблеяси делегацияси ва ЕХҲТ ПА Президенти Маргарета Седерфельт ва Бош котиби Роберто Монтелла ҳам илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.
Шу билан бирга, 12 нафар депутатдан иборат Европа парламенти кузатувчилари ҳам ЕХҲТ\ДИИҲБ миссиясига қўшилди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларни кузатиш учун 44 мамлакатдан жами 365 та кузатувчи ташриф буюрган.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЕХҲТ делегациясининг илк маротаба қатнашиши Ташкилот томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг эътироф этилиши ва қўллаб-қувватлашидан далолатдир.