Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг вақти ва маблағини тежаш, айниқса, сарсон-саргардонликка барҳам бериш, қолаверса, коррупцияни бартараф этиш мақсадларида электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг яхлит, замонавий, ишончли тизимини яратишга киришилди.
Электрон давлат хизматлари – давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга аҳборот – коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизматларидир.
Бугунги кунга келиб, Давлат хизматлари марказлари орқали “ягона дарча” тамойили асосида 130 турдан зиёд хизматлар тақдим этилмоқда. 2019 йилда аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 13 млн.тани ташкил этган бўлса, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга 8 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Маълумот учун давлат хизматлари маркази томонидан ҳозирга қадар аҳолига қарийб 25 млн.дан ортиқ хизматлар кўрсатилган.
Қисқа вақт оралиғида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 100 та хизматдан ортди, хизматдан фойдаланиш учун мурожаат қилаётган фуқаролар сони эса 50 баробарга ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш ҳақида” ги қарори, 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сон “Давлат ҳизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони билан давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш чоралари белгиланди. Унга кўра жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли этиб белгиланди. Шунингдек, 2020 йил 1 апрелга қадар Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматларини таҳлил қилиш ва давлат хизматларини кўрсатишдаги идоралараро ва ички идоравий тартиб-таомилларни соддалаштириш чораларини кўриш белгиланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари (экспорт контракти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаси, ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлиги ҳақида хулоса, вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома) бекор қилинди.
Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:
-
Чекка ва олис ҳуддуларда ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада эканлиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолган андозалари асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келиши оқибатида айрим ҳолларда коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда;
-
Айрим ваколатли органларда давлат хизматларини кўрсатиш бўйича электрон ахборот тизими тўлиқ жорий этилмаган. Идоралараро электрон ахборот алмашуви яхши йўлга қўйилмаганлиги сабабли айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш (судланмаганлик тўғрисида маълумотнома олиш, болаларни давлат боғчасига жойлаштириш) мурожаат қилинган кунни ўзида эмас, балки 3 – 4 кунлаб вақтни талаб қилади. Бу эса ахолининг оворагарчилигига сабаб бўлмоқда;
-
Фуқаролик хизмат турлари рўйхатида никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁ органларига my.gov.uz орқали электрон ариза тақдим этиш хизматлари бутун республика бўйлаб тўлиқ йўлга қўйилмаган. Бу эса ФҲДЁ бўлимларида ортиқча навбатда туриш ҳамда ахолининг ортиқча вақтини олиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.
-
Давлат хизматларини кўрсатиш фақат туманлар марказларида жойлашган. Бу эса туман ҳудудидан олис жойларда жойлашган аҳолиси кўп бўлган айрим қишлоқларда яшовчи фуқаролар туман марказига бориш учун 20-30 км йўл босиш орқали ошиқча вақт ва молиявий муаммолар сақланиб қолмоқда.
Электрон давлат хизматлари кўрсатишда илғор хорижий мамлакатлар (Қозоғистон, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Эстония) тажрибасида электрон ариза ва ҳужжатларни юбориш тизими йўлга қўйилган бўлиб, ахоли ўзига керакли маълумотларни олиш бўйича ариза юбориш имкониятига эга.
Буюк Британияда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ФҲДЁ органларида никоҳни қайд этиш ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун электрон ариза ва ҳужжатларни юбориш тизими йўлга қўйилган. Буюк Британияда ушбу тизим самарали фаолият юритаётган бўлиб, www.gov.uk портали орқали туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун ариза юбориш имконияти яратилган.
Эстонияда жаҳон IT стандартларига жавоб бера оладиган рақамли инфратузилма яратилган. 2014 йилда дунёнинг исталган мамлакати фуқаросига Эстония “электрон фуқароси” бўлиш имконини берувчи давлат дастурини ишга туширган. Бундан ташқари туғилганликни қайд этишнинг электрон тизими Эстонияда ҳам мукаммал йўлга қўйилган бўлиб, Эстония фуқароси махсус ID рақамлари орқали www.eesti.ee Эстония давлат хизматлари порталига кириб, туғилганликни қайд этиш учун электрон ариза юбориш имкониятига эга.
Жанубий Кореяда 2001 йилдан 2007 йилгача бўлган даврда электрон хизматлар доираси кенгайтирилди, барча жараёнлар тўлиқ рақамли технологияларга ўтказилди. Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига электрон хизматлар кўлами ошди ҳамда электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ўртасидаги ўзаро алоқалар билан таъминланди. 2008 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда фуқароларга электрон хизматларни узлуксиз таъминлаш учун электрон ҳукуматнинг ахборот тизимларини бирлаштириш ишлари амалга оширилди. Аҳолига мобил иловалар орқали хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Натижада, Жанубий Корея 2014 йилда электрон ҳукуматни
ривожлантириш бўйича дунё мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалари департаментининг 2020 йилги Электрон ҳукуматнинг ривожланиш индекслари бўйича маълумотларида Жанубий Корея 2-ўринни қайд этди.
Юқорида таҳлиллардан келиб чиқиб хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда электрон давлат хизматларини кўрсатиш бўйича қуйидаги таклифлар илгари сурилади:
– электрон давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот теҳнологияларни жорий қилиш, интернет сифатини ошириш;
– идоралараро электрон ахборот алмашуви тизимини қайта кўриб чиқиш ҳамда тезкор электрон ахборот тизимини яратиш;
– ФҲДЁ органларига никоҳни қайд этиш бўйича ариза беришнинг республика бўйича ягона интерактив давлат хизматлари порталини тўлиқ йўлга қўйиш;
– электрон давлат хизматларини кўрсатиш марказларини туман марказларидан ташқари аҳолининг сонига қараб олис ҳудудларда жойлашган йирик қишлоқларда ҳам жорий қилиш.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан доимий такомиллаштириш ва модернизация қилиш, бу эса энг аввало ҳалқимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.
Шохрух Маматқулов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими