Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиали талабаси Тимур Муродов режиссёр Эмир Кустурицанинг “Küstendorf Film & Music Festival” кинофестивалида ғолиби бўлди.
Кинофестиваль танлов дастурида 30 дан ортиқ давлатдан жами 374 та фильм иштирок этди. “Кассета” номли мазкур қисқа метражли фильм олтита номинациялардан бирида ғолиб чиқди. Эмир Кустурица ушбу мукофотни шахсан ўзи топширди ва Тимур Муродовга кино мактаби доирасида ҳамкорликни таклиф қилди.
Мазкур ютуқни журналист Шохиро Ҳамро ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ҳам эътироф этади: «Таниб олинг! Эслаб қолинг! Ўзбек киносининг ёрқин келажаги- кинорежиссёри Тимур Муродов 14-Тошкент халқаро кинофестивали кашф қилган истеъдод. У “Кино 5 кунда” лойиҳасида гран прини қўлга киритганида “асосий совринни ўзимизда олиб қолишибди” деганлар ҳам бўлди. Лекин унинг “Кассета” қисқа метражли фильми дунё кезиб, ўша мувафаққиятнинг тасодиф эмаслигини исботламоқда. Тимур мазкур кинофестивал таъсисчиси Эмиль Кустурицанинг таклифи билан иштирок этиб, 374 та фильм ичида гран прига сазовор бўлди. Тимур Муродов ва унинг тенгдошлари эришаётган ҳар бир ғалаба ,”кино ўлдими” деган саволга ўзбек киноижодкорларининг жавоби деб ўйлайман».
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Эмир Кустурицанинг қишлоғида “Кассета” фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтган эди.
2000 йилларнинг бошларида Эмир Кустурица ўзининг “Ҳаёт мўъжизага ўхшайди” (2004) фильмини суратга олишга қарор қилган. Бунинг учун кичик шаҳарча Дрвенград этник қишлоғи барпо этилган эди. “Дрвенград” номини (рус. – ёғоч шаҳар) шаҳарча ёғочдан қурилганлиги сабабли Эмир Кустурицанинг ўзи ўйлаб топган. Шаҳарчанинг “Кустендорф” тахаллуси эса бу ерда ҳар йили ўтказиладиган кинофестивални англатади. Тимур Муродов ҳам айнан мана шу фестивалга таклиф қилинган. Кустурицанинг ўзи бу масканда гастроллардан ташқари бўш вақтини ўтказади, суратга олиш билан шуғулланади.