Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 1 мартдаги 111-сонли қарори билан автомобиль йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобиль йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ва АГҚС (автомобилларга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш) станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари мазкур масалада фақат Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Агар ариза берувчилар ёки уларнинг ишончли вакили ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари марказлари ходими ариза берувчилар номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда белгиланган шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Бунда давлат хизматлари кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида хизматдан ЯИДХП орқали фойдаланилганда имтиёз тақдим этилган бўлиб, бунда улар йиғим суммасининг 90 фоизини тўлашлари мумкин.
Хизмат Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида шу йилнинг 27 апрелидан ишга тушди.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати