Давлат органлари ва ташкилотлари 33 тоифадаги маълумотларни очиқ эълон қилиши шартлиги белгиланди. Харидлар, автомобиллар, хизмат сафарлари учун харажатлар ҳам шулар жумласидан. Депутат ва сенаторлар қарор ва қонунларга қандай овоз бергани очиқланади, сессиялар тўғридан тўғри эфирга узатилади. Мазкур янгиликлар билан Наманган вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Наима Ядигарова таништирди.
Фармон имзоланди
“Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Фармон билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга маълумотларнинг 33 хил тоифаси киритилган. Қуйида уларнинг айримларини таништирамиз.
Жонли эфирда намойиш этилади
2021 йил 1 декабрдан бошлаб, қуйидагилар телевидение ва интернетда жонли эфирда намойиш этила бошланади:
- Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари ҳамда ҳудудий кенгашлар сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
- Тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).
Қуйидаги имтиҳонлар интернетда жонли эфирга узатилади:
- бакалавриат ва магистратура (клиник ординатура)га кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар;
- ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;
- хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари.
Бунинг учун imtihon.uz платформаси ишлаб чиқилади. Имтиҳонларни интернетда жонли эфирга узатиш бўйича техник талаблар (ўрнатиладиган видеокамералар ва тасвир сифати, жойлашиш схемаси ва бошқалар) ишлаб чиқилади.
Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги маълумотлар расмий интернет манбаларида очиқлаб борилади ва ҳар чоракда янгиланади:
- давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
- солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
- давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;
- Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва назорат қилувчи органларнинг тафтиш ва текширувлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқасирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда);
- устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, СТИР, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда);
- устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли юридик шахслар рўйхати;
- давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотлар;
- давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар;
- давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган давлат бюджети маблағлари, хориждан жалб этилган маблағлар;
- давлат ташқи қарзи суммалари ва уларнингсарфланиши тўғрисидаги маълумотлар;
- давлат харидларини амалга оширувчи комиссия аъзолари рўйхати;
- давлат муассасалари рўйхати (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган объектлар тўғрисидаги маълумотлар (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);
- давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари аъзолари рўйхати, уларнинг телефон рақамлари, почта ва электрон манзиллари;
- жамоатчилик кенгашларининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар.
Мазкур фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.