Жорий йилнинг 16 февраль куни “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди (ПҚ–57-сон, 16.02.2023).
Қарор ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш мақсадида қабул қилинди.
Қарорга асосан, “Яшил энергия” компаниясини (кейинги ўринларда — Компания) ташкил этиш назарда тутилган. Компания ўз ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганда, ушбу бино-иншоотларнинг тегишли қисмларидан ижара ҳуқуқи асосида бепул фойдаланади.
Қарор асосида жорий йилнинг йил 1 майидан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинди.
Қарор билан фуқароларга бир қатор афзалликлар берилди. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи тўлашдан озод этилиши назарда тутилди.
Шу билан бирга, қарорда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури (кейинги ўринларда — Дастур) амалга оширилиши белгиланди.
Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилиши назарда тутилди. Бунда:
субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланиши;
субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмаслиги;
субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда “Soliq” мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилиши белгиланди.
Қарорда тадбиркорлик субъектларига ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланди.