Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЕр муносабатларига оид қонунчиликдаги янги ислоҳотлар тушунтирилди

Ер муносабатларига оид қонунчиликдаги янги ислоҳотлар тушунтирилди

Навоий вилоят прокуратураси, адлия бошқармаси ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти юзасида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда вилоят прокурори Б.Ахмедов ва адлия бошқармаси бошлиғи А.Сарабековлар томонидан амалдаги тартиб ва Президент Фармони мазмуни бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хусусан, хужжат билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши таъкидланди.

Айниқса, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши қатъий белгиланаётгани соҳада муҳим тартиб яратилишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Ер тўғрисидаги қонунбузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва худудий кенгашлар тузилаётганлиги соҳани тартибга солишда муҳим қадам эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, мулоқот мобайнида, ер муносабатлари соҳасида адолатни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш, инсон омилининг камайиши, ортиқча сарсонгарчиликнинг олдини олиш мақсадида эндиликда электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилишига ҳам алоҳида урғу берилди.

Тадбир якунида йиғилганлар билан савол-жавоб ташкил этилди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси Ахборот хизмати

 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз