Халқимизнинг севимли ёзувчиси Тоҳир Маликнинг шундай номланувчи китоби бор: “Жиноятнинг узун йўли”. Унда асосан тарбияси издан чиққан, жиноятга қўл урган ёшлар, уларнинг ота-оналари, тарбиявий муҳит, шунингдек, жиноятчи ўсмирлар сақланадиган “колония”, у ердаги болалар ҳаётидан парчалар, уларнинг ўкинчли нолалари жам бўлган.
Олим Рустамов ҳам илк бор ўғирликка қўл урганида мактаб ёшида эди. Унинг ёшлиги, қизиққон даврда бу ҳолатга адашиб тушиб қолган бўлиши мумкинлиги, таълим масканидан ижобий тавсифлангани ва оилавий шароитини эътиборга олиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан юритилган жиноят иши ярашувга асосан ҳаракатдан тугатилган эди.
Аммо уқмаганга имкон на даркор, шафқат на даркор қабилида орадан бир йил ўтиб ўтмай у ўзини ана шундай эканлигини исбот этди.
Иккинчи бор яна ўғирликка қўл урган йигитча бу пайтда мактабни янги тамомлаган эди. Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди, 25, 169-модданинг 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган О. Рустамовга бу гал Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Аслида бу ҳам у учун яхшигина имкон эди. У жазо тартибида кўзда тутилган қоидаларга амал қилиб ўзини ўнглаб олиши, бирон касб-ҳунар эгаллаши мумкин эди.
Ҳамма бало бекорчилик меваси эканлигини яна бир бор исбот этган ўсмир бирон фойдали иш билан банд бўлишга ўзида тоқат топмади. Севимли машғулотлари унинг қўл телефонида эди гўё.
Ана шундай кунлардан бирида у ижтимоий тармоқдаги “Olx.uz” сайти эълонлари билан танишиб қолади. Асосан савдо-сотиқ, сотиладиган телефон, машина ва ҳоказо буюмлардан кўзи ўтаркан, ногаҳон бир қўл телефон қурилмаси унинг ақлу хаёлини олади. Бу телефон қимматбаҳо бўлиб, агар қўлга кирита олса анча-мунча даромадга эга бўларди.
Шу ўй билан О.Рустамов қалтис бир қарорга келади. Қўлида пули йўқ, ота-онасидан нажот ҳам йўқ. Чунки улар болаларини беҳуда пул сарфлашини билишади. Қолаверса, қўлида бинойидек телефони бор.
Олим телефон эгасига қўл телефонидаги махсус функция орқали аёл киши бўлиб қўнғироқ қилади ва мулойимлик билан уни аврай бошлайди. Сотувчи билан “Шедевр” гўзаллик салони олдида кўришишга келишишади.
О. Рустамов телефонни қўлига оларкан, кўзлари ўтиб, “олмасам ҳам оламан” қабилида ахди янаям қатъийлашади.
— Сизга опам қўнғироқ қилган экан, у келолмади, давлат ишида ишлайди, мен телефонни яхши билганим учун сен бориб кўриб кел деди, телефонингиз яхши экан, қанчага сотмоқчисиз?
— 5.670.000 га бериб юбораман, ўзим ҳеч қанча ишлатмаганман, — деди телефон эгаси Сарвар Хайитов.
Улар анча вақт сўзлашишди, Олим шундай ишончли гапирдики, С. Хайитов телефонни “опасига кўрсатиб келиши учун”, қандай бериб юборганини билмай қолди.
Жиноят кўчасига 16 ёшида кириб келган йигитча яна қадами қайрилганидан бехабар эди худди. Ҳозир телефонни сотади, пулни оладию иш тамом. Биров унинг мушугини пишт демайди.
Дарҳақиқат, 500 АҚШ долларига телефонни зум ўтмай сотиб юборган О. Рустамовни қўлидаги пуллар ишни давом эттиришга ундарди гўё. Орадан бир ойча вақт ўтиб у яна “Olx.uz” сайти орқали айнан ўша яъни, “Iphone XS” русумдаги телефон эгаси вояга етмаган(!) Шахдам Парпиевга қўнғироқ қилади. Эски усули билан ўзини Наргиза деб таништириб уни учрашувга чақиради.
Суҳбат аввалгидек қизғин, самимий бўлишига бор “иқтидори”ни сарфлаган О. Рустамов 5.040.000 сўмга баҳоланган телефонни “опасига кўрсатиб келиш” учун оладию зумда ғойиб бўлади.
Бу уяли алоқа воситасини у 380 АҚШ долларига пуллаб ўз эҳтиёжлари йўлида талон-торож қилади.
Эндигина 20 ёшни хатлаб ўтган ёшгина бир йигит учинчи бор суд курсисига ўтирди.
Гап айланиб яна оила муҳити, бола тарбиясидаги хатолик, унга бўлган беписандликка бориб тақалади.
Суд О. Рустамовга қонунда кўрсатилган тегишли жазони тайинлади.
Аммо унинг кўзларини очиб, ҳаётга теран боқишига бу жазо етарли сабоқ бўла оладими ёки йўқми буни вақт кўрсатади. Зотан, ҳар қандай издан чиққан рельсни тўғрилашда ҳар қанча қудрат бўлса камдек.
Нодиржон Раимқулов,
Фарғона вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси