Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЭртага давлатимиз герби тасдиқланганлигига 29 йил тўлади

Эртага давлатимиз герби тасдиқланганлигига 29 йил тўлади

Эртага — 2 июль куни давлатимиз герби тасдиқланганлигига 29 йил тўлади. Давлат герби — давлатимиз ва халқимиз эркининг бир тимсоли сифатида одамларнинг орзу-умидлари ва буюк тарихининг нишонасидир.

Сир эмас, халқимизнинг маданияти тил ва рамзларга таянади. Узоқ йиллик тарихий тараққиётимиз ҳам раъият ва давлат якдиллигида давлат рамзлари ўзига хос ўрин тутишини англатади. Миллий байроғимиз ҳамда  гербимиз нафақат давлатчилик анъаналарини балки ор-номус ва муштарак орзу-ниятларни ҳам ўзида акс эттиради.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида келтирилганидек, қадимда туркийларда подшоҳнинг ҳукмдорлик тамғаси давлатчилик анъаналарини ўзида акс эттирган. Амир Темур тамғаси ҳам соҳибқирон барпо этган қудратли давлатнинг рамзи сифатида унда битилган “Куч – адолатда” шиорининг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилган.

 Миллий рамзлар халқ якдиллигининг тимсолидир

Дунё мамлакатлари рамзлари, шу заминда яшайдиган халқнинг буюк орзу-ниятлари, тарихи, маънавий-маданий ўзига хослиги, урф-одат ва анъаналарини ўзида жо этади. Бошқача айтганда, миллий рамзлар халқ якдиллигининг ҳам тимсолидир. Масалан, Францияда 1790 йилнинг 14 июлидан бошлаб Қироллик фармони билан миллат бирлиги байрами сифатида нишонлаб келинади. Елисей майдонларида ўтувчи байрамда Франция ҳарбий паради Франция Республикаси мадҳияси “Марсельеза” оҳангига мос ҳолда 120 қадам ташлайди. АҚШда бўлса ҳар йили 2002 йил 11 сентябрдан буён террорчилик ҳаракатлари қурбонлари хотирасига бағишлаб Ватанпарвар куни нишонланиб келинмоқда. Шу куни ташриф буюрувчиларнинг барчаси АҚШ давлат байроғи билан кўчаларга чиқиб, давлат ва халқ якдиллигини намойиш қилишади.

Шу маънода, мустақил давлатимиз герби марказида бахт ва олижаноблик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши тасвирланганлиги бежиз эмас. Халқимиз Ҳумо кушини бахт қуши сифатида тасаввур этиб келган. Шунинг ўзи ўзбек халқининг бахтга ва мустақил давлатчиликка эришиш азалий орзулари бир бири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунда мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахслар давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт экани белгилаб қўйилган.

АҚШда мадҳияни қўлини кўксига қўйиб куйламаслик жамият қадриятларини менсимаслик ҳисобланади

Бошқача айтганда, герб, байроқ ва мадҳияга муносабат — бу давлатнинг ўзига бўлган муносабатидир. Давлат рамзларини ҳақорат қилиш давлатни, унинг халқини, унинг тарихи ва маданиятини ҳақорат қилишдир, десак муболаға бўлмайди. Масалан, АҚШда коллежда ўқишни бошлаш муносабати билан ўтказиладиган тадбирда давлат мадҳияси янграганда ўрнидан туриб, кўксига қўлини қўйган ҳолда мадҳияни куйламаслик жамият қадриятларини менсимаслик сифатида баҳоланади ва бундай ҳолатга жамиятнинг ўзи ҳам йўл қўймайди.

Давлат гербининг элементларини ННТ ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди

2010 йил 24 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонунга мувофиқ, давлатимиз рамзларидан фойдаланиш қоидалари янада такомиллаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

 Давлат рамзларига ҳурматни қандай шакллантириш мумкин?

Давлат рамзларининг халқимизнинг тарихий илдизлари билан чамбарчас боғлиқлигидан келиб чиқиб, уларнинг эстетик жиҳатлари билан таништириш билан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, мактабгача ёшдаги болага эртак, қўшиқ ва халқ оғзаки ижоди яқин. Уларнинг ёрқинлиги ва гўзаллиги давлат герби ва байроғига ижобий муносабатни шакллантиришга ёрдам беради.

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларда ёшларга давлат рамзларини ўргатишни янгича ёндашувлар асосида амалга ошириш муҳим. Бу борада ёшларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлари доирасида давлат рамзлари бўйича онлайн интеллектуал ўйинлар, викториналар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Яна бир муҳим жиҳат, тарихий нуқтаи назардан ўзбек давлатчилиги рамзларини ўрганган пайтда биз фақат бугунги кундаги замонавий Ўзбекистон ҳудудидан келиб чиқиб эмас, балки ўзбек халқининг шаклланишида муҳим бўлган кўплаб давлатларни тарихий тамғаларини мукаммал ўрганишимиз лозим. Бу, ўз навбатида, қардош халқлар умумий тарихга эгалиги, ўтмиши ҳам эртаси ҳам бир бири билан узвий боғлиқ эканлигини ўрганишга ёрдам беради.

Шунингдек, давлат рамзларини оммалаштириш мақсадида махсус рухсатнома асосида давлат байроғи ва гербидан тижорат мақсадларда фойдаланишга енгиллик бериш мақсадга мувофиқ. АҚШ, Франция, Япония каби ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фуқароларнинг давлат рамзларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ватанпарварликка, фуқаро ва давлатнинг якдиллигига хизмат қилади. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўтказаётган тадбирларда давлат рамзларидан фойдаланишга рухсат берилиши мақсадга мувофиқ.

Давлат герби давлатимиз куч-қудрати, ҳурлик ва буюк орзу-мақсади тимсоли сифатида ҳам ғоявий ҳам тарбиявий аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистонда давлатимиз рамзларидан фойдаланиш маданиятини янгича ёндашувлар билан ривожлантириш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Сардорбек ЮСУПОВ,
Тошкент давлат юридик университети
 Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси мудири, ю.ф.ф.д. (Phd)

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз