Кеча ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 26 май куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги 59-умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Аббос Султонов ўқувчининг қариндошлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар тарқалди.
Унда айтилишича, ўша куни соат 08:00 да мактаб ўқувчилари, хусусан, 9-синф битирувчилари ёзма имтиҳон топшириши керак бўлган. Аммо бир қанча ўқувчилар имтиҳонга ўз вақтида келмагани боис уйидан чақиртириб келинган. Шунда мактаб директори Ноила Қамбариддинова ҳамда Аббос Султоновлар кечиккан ўқувчиларга танбеҳ беришган. Бироқ 9А-синф ўқувчиси Ш.А. директор ўринбосари Аббос Султоновга қарата “Менга сенинг имтиҳонинг умуман керак эмас, имтиҳонсиз ҳам яшайвераман”, дея мактабдан чиқиб кетган.
Шундан сўнг директорнинг чақирувига биноан ўқувчининг отаси мактабга келган. Бола отасининг кўз ўнгида қўпол муомаласи учун узр сўраган. Ана шу пайтда хонага икки йигит кириб келиб (бири — Ш.А.нинг амакиваччаси, исми Муҳаммад), А.Султоновни калтаклашган. Оқибатда шкаф ойнаси синиб, директор ўринбосарининг орқасини кесиб кетган.
Албатта, ўша заҳотиёқ тез тиббий ёрдам ва профилактика инспекторига хабар берилган. Тез тиббий ёрдам ходимлари эса директор ўринбосарини туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетиб, унга тиббий ёрдам кўрсатишган. Қолаверса, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан айни ҳолат назоратга олинган.
Бундан ташқари, муждада терговга қадар текширув олиб борилаётгани, жабрланувчига тиббий экспертиза тайинланганини ҳамда экспертиза хулосасига қараб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган. Дарҳақиқат, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда ҳар қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар. Яъни зўравонлар қилмишларига яраша жазога тортилиши шубҳасиз.
Лекин биз масаланинг моҳияти ва оқибатига эътибор қаратмоқчимиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда ўқувчиларнинг ота-онаси ёки бошқа яқинлари томонидан устоз ва мураббийларнинг калтакланиши янгилик бўлмай қолди. Бинобарин, мутасаддиларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз: хўш, нега бундай нохуш ҳолатларга барҳам берилмаяпти? Кўчадан келган шахснинг (гарчи у ўқувчининг яқини бўлса ҳам) мактабга бостириб ёхуд берухсат киришга, энг асосийси ўқитувчига қўл кўтаришга нима ҳаққи бор?
Ёши катталар жуда яхши билишади, илгари ўқитувчи койиса, ҳатто урса ҳам ўқувчи уйига бориб, бундай воқеани айтолмаган. Ўз навбатида, ота-она ёки қариндошлари ҳам лом-мим демаёлмаган. Аксинча, улар “Ўзинг бирор айб иш қилгандирсан ёинки дарсни тайёрламагандирсанки, ўқитувчингдан калтак егансан” дея фарзандлари билан жиддий шуғулланишган. Айрим қаттиққўл оталар ўқитувчиникига қўшимча қилиб, боласига яна тарсаки тортган. Айниқса, ўша ота-оналарнинг аксарияти мактабга бориб, муаллим ёки муаллимадан кечирим ҳам сўраган. Шунда ўша ўқувчи — бўлажак аскар, бўлажак оила бошлиғи ориятли, масъулиятли инсон бўлиб улғайган.
Яна бир мулоҳаза. Гарчи илгари оммавий ахборот воситаларида муҳокамага ташланган бўлса ҳам айтмоқчимизки, бундай хатти-ҳаракатлар учун белгиланган жавобгарлик масаласи қайта кўриб чиқилса, аниқроғи, жазо чораси кучайтирилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Ваҳоланки, ота-боболаримиз даврида “Эти сизники, суяги бизники”, деб топширилган бола мактабга. Ҳозир эса….
Энг муҳими, доно халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган гап бор. Шундай экан, устозга ҳурмат, унинг измидан чиқмаслик, танбеҳидан тўғри хулоса чиқариш каби фазилатлар бола ёшлигидан сингдирилиши зарур. Аксинча, ўқитувчи тугул тенгдошларидан бири ҳазиллашиб қўлини қайириб қўйса ҳам отаси, акаси ёхуд қариндошини етаклаб келадиган “ўғил бола”лар кўпайиб бораверади.
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири