Автомашинани бошқариб бораётган одам ҳеч қачон автоҳалокат рўй беришини истамайди, ўзига ҳам, ўзгага ҳам ёмонликни соғинмайди. Кўчага чиқдикми, хоҳ пиёда, хоҳ транспорт воситасида бўлайлик йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Ким бўлмайлик йўлларда ҳаракатланишнинг амалда белгилаб қўйилган қоидаларига қатъий риоя қилишимиз ўзимиз ва ўзгалар соғлиғи ҳамда ҳаёти хавфсизлигининг кафолати эканини доимо ёдда тутишимиз шарт.
Суднинг курсисида мулзам ҳолда ўтирган Сардорнинг виждони олдида бир қатор надоматлар саф тортган. Балки…. автомашина бошқараётганимда йўл ҳаракати қоидаларига тўла риоя этганимда, ҳаракатланаётганимда хаёлим жамланган бўлганида, тезликни эмас, хушёрлигимни ошириб юрганимда эди балки…
“Сўнги пушаймон ўзинга душман” деганларидек, пушаймонлардан асло фойда йўқ.
Транспорт воситаларининг кўпайиб бориши бу, ҳайдовчилар учун янада кўпроқ масъулият деганидир. Йўл ҳаракати қоидалирига қатъий амал қилиш, йўлларда юрганда ўта ҳушёрлик билан ҳаракатланиш мусибат ва ҳодисалардан асрайди.
Ўзининг юмушлари билан ишга шошаётган Сардор Жамолов (исм шарифлар шартли) ҳам ана шу тартиб-тамойилларни бир дамга бўлсин чекламаганда эди, балки бир инсоннинг ўлимигиа сабабчи бўлмаган, бир умрлик виждон азобига қолмаган бўларди. У ўша машъум куни йўлдан ўтиб бораётган пиёда, 2 нафар фарзандларнинг онаси, Зиёда Ражабовани уриб юбориб оғир тан жароҳати етказади.
Табиийки савол туғилади, хўш, ҳайдовчи С.Жамолов амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг қайси талабларини бузган?
“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди “г” кичик бандида “транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қариялар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши шарт”, 12-банди 1-қисмида “ҳайдовчига транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариши тақиқланади”, 77-бандида “ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлиги, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши зарур. Тезлик ҳайдовчига ушбу қоидалар талабларини бажариши учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиш имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриш керак” деб қатъий белгилаб қўйилган.
Судланувчи С. Жамолов ана шу қоидаларга амал қилмасдан эҳтиётсизлик ва қоидабузарлик содир этгани бир аёлнинг ҳаёти бевақт завол топишига сабаб бўлди.
Албатта, Сардор жабрланувчи аёлни шифохонага етказиб, зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилишига эришади, аммо… Йигирма кун икки олам оралиғида жон талашиб ётган аёлни сақлаб қолиш имкони бўлмайди.
Оилага келтирган мусибат учун тиббий (моддий), руҳий, маънавий зарарларини қоплаб, айбдор сифатида уларнинг ёнида бўлишга уринган Сардор, афсуски, минг уринганда ҳам бир инсон ҳаётини қайтариб беришга қодир эмас!
Суд, Сардор Жамоловга оид жиноят ишини ўрганар экан, жабрланувчи ҳамда унинг оиласига кўрсатган ёрдами, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, кейинги даврда ҳам мусибат кўрган оилага моддий-маънавий ёрдам бериб бориши, унга нисбатан жабрланувчи вакилининг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ва бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда ҳукм чиқарди.
Ҳеч бир инсон бу каби “қарздорлик” унинг бошига тушишини истамагани ҳолда, айтиш жоизки, ҳаракатланиш пайтидаги ягона талаб — йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш барча ҳайдовчилар ва албатта пиёдаларнинг ҳам бурчидир!
Дилмурод Мадаминов,
жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси