Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклари“Фарғона ҳайвонот боғи” муассасаси судда ютқазди. Нега?

“Фарғона ҳайвонот боғи” муассасаси судда ютқазди. Нега?

Фарғона туманлараро иқтисодий судига вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги “Фарғона ҳайвонот боғи” муассасасидан даъво ариза келиб тушди. Унда даъвогар ўзига тегишли бўлган нотурар маъмурий бинодан Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат корхонасини мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.

Низоли мулк Фарғона шаҳар Қувасой кўчасида жойлашган, 248-рақамли 2 қаватдан иборат, капитал қурилган нотурар  бино-иншооти ҳисобланади. 1991 йил 25 сентябрда 936/2-сон билан давлат рўйхатига олинган Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси ана шу юридик манзилда жойлашган.

Фарғона шаҳар ҳокимининг 2016 йил 28 июлдаги 925-сонли қарорига биноан, шаҳарда ҳайвонот боғини ташкил этиш мақсадида вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат корхонаси ҳудуди ҳамда унга туташ бўлган нотурар жой бино-иншоотларини бузиб ташлаш, ер майдонини  давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун захирага олиб қўйиш, мулк эгаларига компенсация тўлаш масаласини ҳал этиш белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида Фарғона ҳайвонот боғи юқоридаги 2 қаватли бино-иншоотларнинг айримларини Фарғона вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат корхонасидан қабул қилиб олган. Бу хусусда томонлар ва Фарғона шаҳар ҳокимлиги ўртасида далолатнома расмийлаштирилган.

Шундан сўнг Фарғона шаҳар ҳокимининг 2016 йил 30 декабрдаги 1505-сонли қарорига мувофиқ, вилоят “Иссиқлик манбаи” ИЧДК ҳудудидан ҳайвонот боғини қуриш учун 3,2 га ер майдони ажратилган. Натижада бир йил мобайнида ҳайвонот боғи ҳудудида янги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Бинобарин, шаҳар ҳокимининг 2018 йил 18 январдаги 71-сонли қарори асосида янги бунёд этилган ва реконструкция қилинган бино-иншотлар фойдаланишга қабул қилиниб, уларга нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган. Бироқ ушбу қарор билан “Фарғона ҳайвонот боғи” муассасасининг низоли икки қаватли бинога нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланмаган.

Фуқаролик кодекснинг 215-моддасига асосан давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек бошқа мол-мулк муниципал мулк бўлади. Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар. Муниципал мулк бўлган мол-мулк юридик шахсларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

Модомики, низо мулкнинг биринчи қавати хўжалик юритиш ёки оператив бошқарувига берилмаган экан, даъвогарнинг “Жавобгар бинодан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда” деган важи асоссиз ҳисобланади. Яъни “Фарғона ҳайвонот боғи” муассасасининг низоли объект Фарғона шаҳар ҳокимининг 2016 йил 30 декабрдаги 1505-сонли қарорига асосан ўзига тегишли эканлиги ҳақидаги фикри нотўғри. Чунки айни қарор билан ҳайвонот боғини қуриш учун ер майдонини ажратиб бериш масаласи ҳал этилган холос. Ана шу асосларга таянган суд “Фарғона ҳайвонот боғи” муассасасининг даъвосини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, хўжалик юритувчи субъектлар судга даъво киритишларидан олдин унинг нечоғлик асосли эканлигини қайта-қайта ўрганишлари, таҳлил қилишлари шарт. Аксинча, даъво юқоридаги сингари асоссиз деб топилиб, рад этилаверади.

 Жамила АКРАМОВА,
     Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз