Жамиятнинг равнақ топишида оиланинг ўрни беқиёс бўлиб, оила-жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Соғлом фарзандларнинг туғилиши эса оила мустаҳкамлиги ва бардавом бўлиши, эр-хотининг бахтиёр яшашларининг муҳим гарови ҳисобланади.
Бироқ, турли сабабларга кўра айрим оилаларда фарзанд дунёга келмайди. Баъзи ота-оналар эса ўз жигарбандларини тарбиялашдан воз кечиб кетади.
Оила инстутини мустаҳкамлаш, оилалар барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳам фарзандликка олиш инстути Оила кодексида алоҳида боб сифатида кўрсатилиб, фарзандликка олувчи шахслар, фарзандликка олиш тартиби, шартлари, ҳуқуқий оқибатлари, бекор қилиш асослари ва тартиби кўрсатиб ўтилган.
Аслида фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асосларининг вужудга келиши бошқа давлатларда бир неча асрларга бориб тақалади. Мисол учун АҚШда фарзандликка олиш ҳақидаги дастлабки қонунлардан бири Массачусетс штати томонидан 1851 йилда қабул қилинган “Фарзандликка олишнинг асослари тўғрисидаги” қонун ҳисобланади.
Мамлакатимизда эса бу ҳақидаги дастлабки нормалар Бош Қомусимизнинг 65-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Фарзандликка олиш ишлари фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўрилиб, фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.
Фарзандликка олиш вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади.
Ушбу тоифадаги ишларнинг судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос томонлари шундан иборатки, фарзандликка олиш сир сақланиши мақсадида ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд мажлиси жараёнида ишда иштирок этувчи шахслар фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, ушбу сирни ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 125-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
Жиноят кодексининг 125-моддасига кўра, фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунга кўра, вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин.
ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар вояга етмаган болаларни фарзандликка ололмайдилар.
Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳолларига ушбу чеклов истосно қилинган.
Яна бир муҳим жиҳат, Оила кодексининг 155-моддасига мувофиқ ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб этилади. Корея Республикаси қонунчилигига кўра фарзандликка олиш учун 6 ёшдан ошган болаларнинг розилиги талаб қилинса, Италияда мазкур ёш 14 ёш қилиб белгиланган.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги вилоят суди томонидан кўриб чиқилади.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ёки интернет тармоғи орқали оналарнинг ўз фарзандини сотаётган вақтда жиноят устида ушланганлиги ҳақидаги хабарлар жуда кўп хабар қилинмоқда. Фарзанд сотиш жиноятининг содир этилиши кўпайиб бораётганлигига, фарзандликка олиш билан боғлиқ жараёнинг бир қатор муаммолари мавжудлигидан дарак беради.
Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида, фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиб, фарзандликка олиш тизимини танқидий таҳлил қилиш ва амалиётдаги муаммоларни ўрганиш, фарзандликка олиш бўйича қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва тизимлаштириш, “Бола сотиш” ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг ўзаро келишуви асосида фарзандликка олиш бўйича очиқ ҳуқуқий асосларини яратиш чора-тадбирлар режаси белгиланган.
Уйлаймизки, давлат дастури ижро юзасидан фарзандликка олишга оид қонунчилик такомиллаштирилиб, фарзандликка олиш ишлари янада соддалаштирилади ва болаларни сотиш ҳолатларининг олди олиниб, содир этилаётган жиноятларга чек қўйилади.
Ойбек ШОМУРОДОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси
Нурбек РАХИМОВ,
Бухоро вилоят судининг
жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти