Маълумки, кундалик ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур этолмаймиз. Агар тармоқда бир соат узилиш юз берса, бизга худди бир кундек, ҳатто бир суткадек туюлиб кетади. Аммо сув билан ҳаводек зарур бўлган ана шу бебаҳо неъматнинг ҳақини тўлашга келганда….
Фарғона туманлараро иқтисодий судига “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятидан даъво ариза келиб тушди. Унда жамият Фарғона туманидаги “Mirzasharif Xalilov” фермер хўжалигидан 272.166.300 сўм асосий қарз, 19.600 сўм почта ҳаражати жами 272.185.900 сўм пул маблағини ундиришни сўраган.
Гап шундаки, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси ва “Mirzasharif Xalilov” фермер хўжалиги ўртасида электр энергияси етказиб бериш юзасидан шартнома тузилган. Шартномага асосан, фермер хўжалиги истеъмол қилинадиган энергия учун олдиндан ҳақ тўлаш, корхона эса электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини олган. Бироқ фермер олдиндан тўлов у ёқда турсин, ҳаттоки кечикиб бўлса ҳам зиммасидаги мажбуриятни бажармаган. Натижада оддийгина, онгли равишда амалга оширилиши мумкин бўлган тўлов билан боғлиқ иш судгача етиб келган.
Албатта, суднинг 2021 йил 26 мартдаги ажрими билан даъво талаблари қаноатлантирилган. Лекин масаланинг суд жараёнида аён бўлган бошқа бир жиҳати борки, бу жиддий чора-тадбир белгилашни тақозо этади. Яъни 2020 йил 1 январь ҳолатига “Mirzasharif Xalilov” фермер хўжалигининг электр энергиядан жами 1 миллиард 201 миллион 618 минг 541 сўм муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган. Бунга эса 345.478.544 сўм пеня ҳисобланган. Ваҳоланки, 2020 йил давомида хўжалик электр энергия учун бор-йўғи 77.260.220 сўм пул ўтказган холос. Бошқача айтганда, у йиллар мобайнида электр энергияси ҳақидан қарздор бўлиб келаверган. Ҳар йили икки томонлама тузилган шартномаларнинг тўловни олдиндан амалга ошириш ҳақидаги банди қуруқ қоғозда қолиб кетган. Ачинарлиси, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси масъуллари мазкур қарздорликни ундиришда масъулиятсизлик қилиб келишган.
Буни қарангки, худди шундай ҳолатни тумандаги “Оқтом Турсунобод замини” фермер хўжалиги фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Яъни 2021 йил 1 январь ҳолатига мазкур фермер хўжалиги ҳам электр энергиясидан “атиги” 895 миллион 260 минг 865 сўм қарздор бўлган холос.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасида ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эканлиги белгиланган. Бинобарин, суд даъво талабини қаноатлантириш баробарида жавобгар фермер хўжалиги томонидан мунтазам равишда, жуда катта миқдордаги электр энергия сарфланса-да, ўз муддатида тўловни амалга оширмаслик сабаблари ва фермер хўжалиги қайси мақсадларда бунчалик кўп электр энергия сарфлаётганини Фарғона тумани ҳокимлиги, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси мутахассислари иштирокида фермер хўжалиги жойлашган ҳудудга чиқиб, қўшимча равишда ўрганиш ҳамда бу борада тегишли чора-тадбирларни кўришни лозим топди. Шу мақсадда хусусий ажрим чиқарилиб, Фарғона тумани прокуратурасига юборилди. Натижада туман прокуратураси томонидан ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳеч бир жисмоний ёки юридик шахс фойдаланилган электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлашни унутмаслиги керак. Зеро, электр энергияси ишлаб чиқариш учун давлатнинг қанчадан-қанча маблағи сарфланишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси