Бугун, 31 май куни Адлия вазирлиги биносида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказишдан мақсад ва уни амалга ошириш тартиблари бўйича матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда фермерлар адлия органларига мурожаат этиб, айрим мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқлари бузилаётганлиги (шартномалар тузишда мажбурлаш, рухсатисиз банкдаги пул маблағларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, ҳомийлик ишларига мажбурий тартибда жалб қилиш, мажлислар ҳамда бошқа оммавий тадбирларда фермернинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш), банклар томонидан субсидия, кредит ажратилмаётганлиги, шунингдек, етишитирилган маҳсулотларни сотиш бўйича тузилган шартномалар асосида пул маблағлари тўлаб берилмаётганлиги ёки ўз вақтида қопланмаётганлигини баён этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларда фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши аҳволини ўрганиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, “Фермерлар қишлоқ хўжалиги ривожининг драйвери” сифатида уларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги мавқеини ошириш мақсадида жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказиш бўйича адлия вазирининг буйруғи қабул қилинди.
“Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, мазкур режалар адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган 5 та ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари мазкур ишчи гуруҳлардан келиб чиққан ҳолда ўзларининг ҳудудий ишчи гуруҳларни тузади.
Акция давомида амалга ошираладиган ишлар.
Акция давомида фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш тадбирлари ўтказилади, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда фермерларнинг мурожаатлари ўрганилади, фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўров ўтказилади, соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Акция ўтказиш механизмлари.
1) Акцияни ўтказишни Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва тадбирлар йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилади;
2) Амалга ошириладиган тадбирлар бўйича материаллар тўплами тайёрланади;
3) Ишчи гуруҳ аъзолари акция ўтказиш бўйича ўқитилади;
4) Акция доирасида тадбирлар график асосида амалга оширилади.
5) Акция натижалари умумлаштирилади ва тегишли ҳисоботлар тайёрланади.
Бундан ташқари, акция доирасида тарғибот тадбирлари ОАВ, ижтимоий тармоқлар, манзилли ва сайёр тадбирлар, интерактив усуллар, онлайн ва офлайн мулоқот платформалари орқали амалга оширилади.
Тушунтириш тадбирларида адлия органлари ва “Мадад” ННТ ходимлари, “Ёш ҳуқуқшунос” кўнгиллилар гуруҳлари аъзолари ҳамда тегишли соҳа вакиллари иштирок этади.
Шу билан бир пайтда, фермерлар мурожаатлари билан ишлашда мурожаатлар анъанавий шаклда, 1008 — ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телеграм-бот орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй қабул қилинади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш
ва мониторинг тегишлича адлия ходимлари, жалб қилинган мутахассислар, “Ёш ҳуқуқшунос” кўнгиллилар гуруҳи аъзолари томонидан олиб борилади.
Фермер хўжаликларининг 6-йўналишида, хусусан, ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлар, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловдан ўтказилади, хорижий тажриба ва миллий амалиёт ўрганилиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Акция якуни бўйича ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида маълумотномалар тузилади. Улар асосида Йиғма таҳлилий маълумот ҳамда Ахборот хати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади.
Акция жараёни ва якуний материаллар ОАВларда эълон қилиб борилади.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими