Сўнгги вақтларда адлия органларига фермерлар айрим мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқлари бузилаётганлиги, банклар томонидан субсидия ва кредит ажратилмаётганлиги, шунингдек, улар билан тузилган шартномалар бўйича пул маблағлари тўлаб берилмаётганлигига оид мурожаатлар келиб тушмоқда. Ўрганишлар ва мурожаатларда кўтарилаётган масалалар бу борада ечимини кутаётган муаммолар кўплигини кўрсатмоқда. Ва буни бартараф этиш учун Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда. Акция жорий йил июнь-декабрь ойларида ўтказади.
Акцияни ўтказишдан мақсад нима?
Мақсад фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши аҳволини ўрганиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш орқали таклифлар тайёрлаш, “Фермерлар қишлоқ хўжалиги ривожининг драйвери” сифатида уларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги мавқеини оширишдан иборат.
Ҳуқуқий акцияни ўтказиш бўйича 5 та ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар адлия бошқармаларида мазкур ишчи гуруҳлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий ишчи гуруҳлар ҳам тузилган.
Акция доирасида қандай ишлар амалга оширалади?
Акция давомида фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилади. Фермерларнинг мурожаатлари ўрганилади, фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказилади, соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Акция доирасидаги тарғибот тадбирлари ОАВ, ижтимоий тармоқлар, манзилли ва сайёр тадбирлар, интерактив усуллар, онлайн ва офлайн мулоқот платформалари орқали амалга оширилади.
Тушунтириш тадбирларида адлия органлари ва “Мадад” ННТ ходимлари, “Ёш ҳуқуқшунос” кўнгиллилар гуруҳлари аъзолари ҳамда тегишли соҳа вакиллари иштирок этади.
Шунингдек, фермерлар мурожаатлари билан ишлашда мурожаатлар анъанавий шаклда, 1008 — ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телеграм-бот орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй қабул қилинади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва мониторинг тегишлича адлия ходимлари, жалб қилинган мутахассислар, “Ёш ҳуқуқшунос” кўнгиллилар гуруҳи аъзолари томонидан олиб борилади.
Фермер хўжаликларининг 6 йўналишида, хусусан, ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлари, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловдан ўтказилади, хорижий тажриба ва миллий амалиёт ўрганилиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Акция якуни бўйича ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида маълумотномалар тузилади. Улар асосида Йиғма таҳлилий маълумот ҳамда Ахборот хати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади.
Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлиги масъул ходими