Қўқонлик Шоҳиста Мирвалиева (исм-шарифлари ўзгартирилган) бундан 11 йил аввал Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Мазкур жазодан эса 2000 йил 15 ноябрдаги амнистия актига асосан озод қилинган.
Бу инсонпарварликни нотўғри “ҳазм” қилган, орадан йиллар ўтиб, фирибгарликнинг энг оғир кўринишига қўл урган Ш.Мирвалиева Қўқон шаҳрида савдо қилувчи Дилноза Мадалиевадан умумий баҳоси 255 миллион 711 минг сўмлик дастурхон, сочиқ, одеал, ёпинчиқ, ёстиқ, кўрпа, аёллар ва эркаклар кийимлари сингари ҳар хил маҳсулотларни пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан олиб кетади. Аммо маҳсулотларни терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб, ҳақдорга бор-йўғи 138 миллион 711 минг сўм миқдорида пул беради холос. Қолган пулларни эса ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Албатта, Д.Мадалиева бир неча маротаба ундан пулини сўраб боради. Ёки кўча-куйда учрашганда талаб қилади. Бироқ Ш.Мирвалиева ҳар гал турли важ-карсонлар келтириб, Дилнозани алдаб юраверади. Охир-оқибат кутавериб, тоқати тоқ бўлган жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.
Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилади. Ана шу жараёнда Шоҳистанинг 117 миллион сўмлик зарарни қопламай юргани аён бўлади.
Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран фирибгарлик кўчасига қадам қўяди. Аниқроғи, яна бир фуқаро Э.Нурматовнинг Қўқон шаҳридаги “Музаффар” савдо комплексига келиб, уни лақиллатади. Яъни:
— Пулини ўн кун ичида ташлаб кетаман, — дея сотувчи йигитдан умумий баҳоси 4 миллион 920 минг сўмлик, “RED MI NOTE PRO 8” ва “RED MI 8” русумли уяли телефонларини насияга олиб кетади.
Сўнгра уяли алоқа воситаларини ҳам ўзига нотаниш кимсаларга сотиб юборади. Маҳсулот пули эса ўтган галгидек, фирибгар хонимнинг ҳамёнини қаппайтиради. Бундан бехабар телефонфуруш йигит бўлса яна кутишда давом этади. Лекин орадан 10 кун тугул, 20 кун ўтса ҳам Шоҳистадан дарак бўлмайди. Шу боис Э.Нурматов қарздор аёлга яна сим қоқади.
— Соғлигим ёмонлашиб ётиб қолдим. Тузалган заҳотимоқ пулингизни элтиб бераман, — дейди у касал бўлиб қолганини баҳона қилиб. Ваҳоланки, Ш.Мирвалиева ҳеч қандай бетоб эмасди.
Шундан кейин тоқати тоқ бўлган Э.Нурматов Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилади. Тилга олинган ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам “қаҳрамон”имизга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Айни ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди айбдорни қонуний жазога маҳкум этди. Унга жазо тайинлашда жабрланувчиларга етказилган зарарлар қопланганлиги инобатга олинди.
Нодиржон МИРЗАЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири