Ўқишга киритиб қўяман”, “уй олиб бераман”, “ишга жойлаб қўяман”, деб одамларни алдаб, кўпчиликни чув тушираётган фирибгарлар бор. Айниқса, кейинги вақтларда бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, усуллари ҳам турлича бўла бошлади. Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, ўзгани алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда унинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарликнинг бошқа мулкий жиноятлардан фарқи — жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.
Биз ўз фаолиятимиз давомида шу сингари кўплаб жиноий ишларни кўриб чиқамиз, — дейди жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди раиси Фурқатжон Собиров. — Мушкулимни осон қиламан дея бировга ишониб, моддий бойликларини берган юртдошларимизни кўриб, уларга ачинасан киши. Бугунги кунда жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарликдир.
Олтиариқ туманилик Эгамберди Ҳожибеков фирибгарликни ўзига касб қилиб олганлардан бири. Унинг тенгқурлари бугун ёши улуғ инсон сифатида маҳаллада обрў-эътибор қозонишган. Фарзандлар бахту камолини кўриб, нафақалик гаштини суришмоқда. Афсуски, Э.Ҳожибековнинг пешонасига бундай кунлар ёзилмаган экан. 1995 йилда қотиллик жинояти учун 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2001 йилда ўталмай қолган жазосидан амнистия қарорига асосан озод қилинган. Аммо у бундан тегишли хулоса чиқармасдан осон пул топиш илинжида бўлди. Ўтган давр мобайнида 5 марта фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланди. Ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлиб, 2015 йил 26 ноябрь кунидан бошлаб жазони ўтамоқда. У оилали, 5 нафар фарзанди бор. Етмиш ёшни қаршилаётган бу шахс яна суднинг қора курсисида ўтириб, қилмиши учун жавоб берди.
Эгамберди Ҳожибеков 2012 йилда Бешариқ тумани, Пастки Яккатут қишлоғида яшовчи Даврон Ашурматов билан танишиб қолади. Қараса, у содда ва ишонувчан. Ўзининг асл исми-шарифини яшириб, Марғилон шаҳрида яшовчи “Нурмуҳаммедов Баҳодир Эргашевич” эканлигини айтиб, Тошкент шаҳар МХХ бошқармасида “полковник” ҳарбий унвони билан ишлашини маълум қилади. Гап орасида ҳар қандай хизматга тайёрлигини ҳам тиқиштириб ўтади. Бир оз вақт ўтиб Даврондан 10 минг АҚШ доллари бериб туришини, ўн кун ичида қайтариб беришини айтиб, ушбу пулларни олган. Пулни ўз вақтида қайтариб, шу орқали унинг ишончига кирган. У бу орада Давронга бозор-ўчарлар, чойхонада жой айтиб, турли ишлар ҳам буюриб туради.
Қармоғига яхши ўлжа илинганини билгач, асосий “иш”га ўтди. Бешариқлик йигит “Бек каратэ” клуб раҳбари лавозимида ишлаш билан бирга, фермер хўжалиги бошлиғи ҳам эди. Бундан хабар топган Эгамберди 2013 йил ноябрь ойларида Голландия давлатидан зотдор қорамоллар олиб келаётганлигини, агар унга ҳам керак бўлса, олиб келиб беришлигини айтган. Даврон анчадан буён чорвачиликни йўлга қўйишни ўйлаб юрарди. Бу таклиф унга жуда ёқиб тушди. 200 бош голланд зотдор қорамоллар учун 1 миллиард 800 минг сўм пулларни фирибгарнинг қўлига тутқазди. Э. Ҳожибеков эса пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Д.Ашурматов орадан вақт ўтиб, “чув” тушганлигини билди. Бу пайтда фириб устаси бошқа қилмишлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаётган эди. Юқори идораларга қилган мурожаати инобатга олиниб, фирибгарлиги учун жиноят иши қўзғатилди. Жорий йилнинг февраль ойида жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Э.Ҳожибеков Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди (эски таҳрир) билан айбли деб топилди. Узил-кесил 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 11 миллион 938 минг 500 сўм жарима жазоси тайинланди. Ундан жабрланувчи Д.Ашурматов фойдасига 1 миллиард 800 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланди. Бу каби ҳолатлар бошқаларга сабоқ бўлиши керак. Халқимизда “Заргар фирибгар бўлса олтин занглар”, деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, бу чиркин ишга қўл ураётганлар уни англамас экан, бу турдаги жиноятлар якун топмайди.
Фурқат Собиров,
жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг раиси