Жиноят қонуни ўзгалар мулкини талон-торож қилишнинг қуйидаги шаклларини фарқлайди. Улар: 1) босқинчилик; 2) товламачилик; 3) талончилик; 4) ўзлаштириш ёки растрата йўл билан талон-торож қилиш; 5) фирибгарлик; 6) ўғирлик. Санаб ўтилган талон-торож шакллари ўзгалар мулкини талон-торож қилиш жиноят таркибларининг бирини бошқасидан фарқловчи ўзига хос хусусиятларга эга. Шунинг учун талон-торожнинг ҳар қайси шакли юридик белгиларини аниқ белгилаш – жиноятларни тўғри квалификация қилинишини таъминлайди.
Талон-торож қилиш жиноятлари бир-биридан уларнинг содир этиш усули бўйича фарқланади ва айнан ушбу белгини қонун чиқарувчи талон-торож қилиш жиноятларини шаклларга бўлиб таснифлашда асосий мезон сифатида фойдаланган. Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Фирибгарликнинг ўзига хос хусусиятлари, нафақат унинг содир этилиши усули, балки қонунда махсус белгиланган тажовуз қилиш предмети ҳам ҳисобланади.
Фирибгарлик жиноятининг ижтимоий ҳавфлилиги мулкни турли шаклларда тажовуз қилиш билан белгиланади. Ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноятлари (ўғрилик, талончилик, босқинчилик, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата қилиш жиноятлар) нисбатан фирибгарлик жиноятлари анча мураккаб шаклда намоён бўлади.
Жиноят кодексининг 168-моддаси ва Олий суд Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 3 бандида “Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради”. Ушбу усуллардан фойдаланган ҳолда жиноятчилар мол-мулкни бошқарган шахсларни йўлдан оздирадилар ва бу шахслар фирибгарлик ёки ишончни бузганликлари тўғрисида хабардор бўлмаганликлари сабабли уни ихтиёрий равишда жиноятчига топширадилар. Ўғирлик усули ёлғон маълумотни тақдим этишда ёки хабар бериш шарт бўлган ҳолатлар бўйича маълумот бермасликда бўлади. Фирибгар томонидан сохта маълумотлар жуда хилма-хил бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда, улар жиноятчининг шахси, унинг ҳуқуқлари ва ваколатлари билан боғлиқ, бошқаларида — ҳуқуқий фактлар, воқеалар ва бошқалар билан боғлиқ. Ёлғон оғзаки, ёзма ёки бошқа ҳар қандай шаклда кўрсатилиши мумкин. Фирибгарлик усули сифатида ишончни суиистеъмол қилиш одатда жиноятчининг махсус ваколатлари мол-мулкини тортиб олишда ёки мулк жойлашган жойдаги ёки унинг ҳимояси остидаги шахс билан шахсий ишонч муносабатларида ўзини намоён қилади.
Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак:
Масалан, хавфли рецидивист Ш. 2019 йил январ ойида, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан такроран қўлга киритиш мақсадида жабрланувчига 40 иш кунида “Дамас” русумли автомашинани олиб беришни ваъда қилиб, у билан ижара шартномасига асосан автомашина нархини 50 фоизини, “Ҳамкорбанк” АТБ Тошкент филиалидаги шахсий ҳисоб рақамига олдиндан тўлаб беришини, қолган қисмини 2 йил муддатда тўлашга келишган. Келишувга асосан жабрланувчи О. 2019 йил 21 январь куни айбланувчининг “Ҳамкорбанк” АТБ Тошкент филиалида бўлган шахсий ҳисоб рақамига автомашинанинг 50 фоиз миқдордаги пулларни ўтказиб берган. Ш. жабрланувчи О. унинг ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиб берган бўлса-да, лекин у берган ваъдасини устидан чиқмасдан, автомашинани олиб бермасдан, анча миқдордаги пулларни ўз иҳтиёжларига сарфлаб юборган. Бундан ташқари, айбланувчи Ш. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб кўплаб фуқаролар билан юқоридаги ҳолатни такрорлаб пул маблағларини ўз ҳисобига ўтказиб, мажбуриятини бажармасдан ўзининг ихтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Фирибгарлик жиноятининг предмети: 1) ўзганинг мулки; 2) ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқ ҳисобланади. Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқ одатда турли хилдаги ҳужжатларда мустаҳкамланади. Масалан, мулкни тасарруф қилишга ҳуқуқ берувчи ишончнома. Шундай қилиб, фирибгарликнинг асосий принципи – жабрланувчи билан ишончли муносабатларни ўрнатиш орқали йўлдан оздириш ва ушбу ишончдан фойдаланиб, жабрланувчиларнинг мулкига ёки мулкка бўлган ҳуқуқларини ихтиёрий равишда топширишга ундашда номоён бўлади. Айнан ана шу ихтиёрийлик ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа турдаги жиноятлардан фарқ қилади.
Бу борада яна бир мисол келтирадиган бўлсак, З. ўзини ногирон кўрсатиб бир қанча шахсларни ишончига кириб, пластик картасига жудда кўп миқдорида пўл ўтказдириб олган.
Дарҳақиқат, Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ушбу моддага асосан, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Хорижда фирибгарлик қандай жазоланади?
Кўплаб ривожланган давлатлар жиноий қонуничилигида фирибгарлик жинояти мулкка қарши жиноятлардан бири сифатида қаралади. Хорижий давлатларнинг жиноий қонунларида берилган таърифлар кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшашдир, аммо улар маълум бир қатор хорижий мамлакатларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хусусиятларига мос келадиган хусусиятларга ҳам эга. Диярли барча ривожланган хорижий давлатлар жиноят қонунида фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Қозоғистон (ЖК 190-моддаси), Арманистон (ЖК 178-моддаси), Озарбайжон (ЖК 178-моддаси), Молдова (ЖК 190-моддаси), Грузия (ЖК 180-моддаси), Украина (ЖК 190-моддаси), Беларусь(ЖК 209-моддаси), ва Россия (ЖК 159-моддаси) жиноят қонунларида фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, фирибгарликнинг таърифи Ўзбекистон жиноят қонунида келтирилган таъриф билан ўхшаш мазмунда акс эттирилган. Шу билан бирга айрим хорижий давлатлар жиноят қонунида фирибгарликни турларга ажратилиб жавобгарлик белгиланган.
Хитой давлати Жиноят кодексининг 192-198-моддалари фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган. Хитой қонунчилигида фирибгарлик алдов асосида жиноятнинг усули ва предмети турларига кўра, ноқонуний пул маблағларини йиғиш, сақлаш, банкдан ёки бошқа кредит ташкилотларидан фирибгарлик ёўли билан кредит олиш, вексил, аккредитив кредит карталари билан боғлиқ фирибгарлик турларига ажратилган. АҚШ жиноят қонунчилиги бўйича фирибгарлик деганда алдов тусига эга бўлган усул, келишув ва серқирра ҳаракатлар тизими тушунилади. АҚШ жиноят қонунига мувофиқ фирибгарликнинг кўзбўямачилик тусидаги мурожаатларга оид, компьютер, банк, солиқ, почта, телимаркетинг, банкротлик, тиббиёт, суғурта, қимматли қоғозлар айланмасига оид турлари мавжуд. Япония жиноят қонунчилигида фирибгарлик бошқа шахсдан мулкни алдаш орқали эгаллашни англатади (Япония ЖКси 246-модда). Япония жиноят қонунига кўра, агар шахс ўзи ёки бошқа шахс ноқонуний мулкий фойда кўриши ҳам фирибгарлик ҳисобланади. Франция жиноят қонунчилигида фирибгарлик жисмоний ёки юридик шахсни алдов асосида чалғитиб, бегона исм, ёлғон мавқе ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар ёки бошқа мулкларни ўзлаштиришда ёки уларни ўзларига наф келтирмайдиган битимлар тузишига эришишда ифодаланади. Германия жиноят кодексида фирибгарлик оддий, алоҳида оғир, компьютер, субсидия олишга қаратилган, капитал киритишга оид, кредит турларига бўлинади. Шунингдек, Германия жиноят қонунида тўлов ва банк карталаридан алдов йўли билан фойдаланиш, суғурта соғасидаги ишончни суиистеъмол қилиш каби жиноят таркиблари ҳам мавжуд.
Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг 22-қисмида эса, “Фирибгарлик ва ишончни бузиш” бўлимида жамланган бўлиб, 10 та композицияни ўз ичига олади. Фирибгарликнинг асосий таркиби билан бир қаторда (263-модда) унинг жуда кўп турлари мавжуд: компьютер фирибгарлиги (263а-модда), фирибгарлик орқали субсидия бериш (264-модда), инвестиция фирибгарлиги (264а-модда), суғурта суммасини олиш мақсадида фирибгарлик (263-модда). Қарз олиш билан боғлиқ фирибгарлик (265-модда) шулар жумласидан. Германия Жиноят кодексининг 266-моддаси ишончни суиистеъмол қилиш, иш ҳақини яшириш ва ўғирлаш (266а-модда) ва чеклар ва кредит карталарини суиистеъмол қилиш (266 б-модда) каби жиноятлар ишончни суиистеъмол қилишнинг бир тури ҳисобланади. Германия Жиноят кодексининг 263-моддасида фирибгарлик жинояти бўйича умумий таъриф келтириб ўтилган. Фирибгарлик — алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий даромад олиш мақсадида бировнинг мулкига зарар этказиш (сохта фактлар тўғрисида хабар бериш ёки нотўғри маълумот бериш ёки ҳақиқий далилларни яшириш, шунингдек жабрланувчини чалғитиш унга “беш йилгача қамоқ ёки жарима” билан жазоланиши мумкин. Германия Федератив Республикасининг Жиноят кодексида ишончни суиистеъмол қилиш мустақил жиноий ҳатти-ҳаракатлар сифатида кўзда тутилган (266-модда). Ушбу жиноят таркиби “қонун ёки битим бўйича уларга берилган ҳуқуқларни суистеъмол қилиб, ҳуқуққа ҳилоф равишда бошқа шахсларнинг мулкини тасарруф этиш ёки ишонч туфайли ташқи мулкий манфаатларига риоя қилиш мажбуриятини бузган” шахсларнинг ҳаракатларини ўз ичига олади. Жиноий жавобгарлик фақат манфаати бузилган шахсга зарар этказилган тақдирдагина юзага келади. Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексидаги фирибгарлик тўғрисидаги нормаларнинг қисқача жиноий-ҳуқуқий таҳлили барча фирибгарлик жиноятлари айбдор томонидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишга асосланган деган хулосага келишимизга имкон беради. Россия Федерациясининг Жиноят кодексига таққослаганда, Германия жиноят қонунчилигида Россия жиноят қонунчилигига маълум бўлмаган фирибгарликни амалга оширишнинг бошқа усуллари мавжуд эмас.
Ривожланган хорижий давлатлар жиноят қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатади-ки, фирибгарлик жиноятининг универсал таркиби бўлиши ижтимоий муҳитнинг бугунги ривожланиш даражасига жавоб бермайди. Фирибгарликнинг усул ва турларига кўра дифференцациялашуви давр талаби бўлиб, фирибгарлик усулининг турлари уларнинг ижтимоий хавфлилигига таъсир қилади.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисмида фирибгарлик “фирибгарлик ва ишончни бузиш орқали бировнинг мулкини ўғирлаш ёки бошқанинг мулкига бўлган ҳуқуқни олиш”, деб белгиланган.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159, 159.1, 159.2, 159.3, 159.5-моддаларида ушбу жиноят учун жавобгарлик белгилаб қўйилган. Фирибгарлик жинояти алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Жисмоний усулга хос бўлган бошқа кўпгина жиноятлардан фарқли равишда фирибгарлик жиноятида айбдор ҳаракатлари ахборот хусусиятига эга бўлади ёки айбдор ва жабрланувчи ўртасидаги муносабатлар узаро ишонч асосида шаклланган бўлади. Қонунда мулкни эгаллаш ёки мулкка бўлган ҳуқуққа эга бўлиш усули сифатида мазкур талон-тарож қилиш шаклининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи ёлғон ёки ишончни суиистеъмол қилиш кўрсатилган. Бирок алдаш ҳали мол-мулкни олиш ва уни жиноятчи фойдасига ўтказиш, дегани эмас. Фирибгарлик таркибида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш асосий ҳаракат содир этилишини таъминлайдиган ёрдамчи ҳаракат сифатида амалга оширилади. Кўп ҳолларда фирибгар ўз шахсига тааллуқли бўлган қалбаки ҳужжатлар товарлар кредит ёки прокат учун нарсалар олиши мумкин. Бунда фирибгар нафакат ўз номидан алдамокда, балки ўзининг ҳаракатларида ҳам алдов ишлатади. Олинган нарсаларни ўз вақтида қайтаришни ваъда қилса-да, ўз ваъдасини ҳеч қачон бажармайди.
Агар фирибгарлик тўғридан-тўғри бошқа шахснинг мулкига эга бўлишга қаратилган бўлмаса, лекин унга киришни осонлаштириш учун фойдаланилса, жиноятчининг ҳаракатлари, ўғирлик ёки талончилик усулига боғлиқ бўлади. Ишонч, шунингдек, агар киши мажбуриятларни қабул қилса, агар у ўз фойдасига ёки учинчи шахсларнинг фойдасига бошқаларнинг мулкига эгалик қилиш ёки унга бўлган ҳуқуқни олиш ниятида уларни бажариш ниятида бўлмаса (масалан, якка тартибда қарз олиш, ижарага олиш учун аванс тўлови) бўлса ҳам суиистеъмол қилинади. Ишлар, хизматлар, товарларни этказиб бериш учун олдиндан тўловлар, агар у қарзни тўлаш ёки ўз мажбуриятларини бошқача тарзда бажариш ниятида бўлмаган бўлса). Агар бирор киши бошқа шахснинг мулкига эга бўлса ёки унга бўлган ҳуқуқни, ушбу мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни топшириш шартлари билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришни истамаган ҳолда, жабрланувчи моддий зарар кўрган бўлса, бировнинг мулкини қўлга киритиш ёки бошқа бировнинг мулкига бўлган ҳуқуқни олишга қаратилган мақсад бировнинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни олишдан олдин пайдо бўлган бўлса жиноят фирибгарлик деб баҳоланиши лозим. Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш билан содир этилган бошқа шахснинг мулкини қўлга киритиш, кўрсатилган мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ноқонуний эгалигига кирган пайтдан бошлаб тугатилган деб ҳисобланади ва улар ушбу мулкдан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун ҳақиқий имкониятга эга бўладилар. Агар фирибгарлик жинояти предмети нақд бўлмаган пуллар, шу жумладан, электрон пул бўлса, унда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 158-моддаси ва Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 128-моддаси 1-бандининг қоидалари бўйича, бу ҳаракат бошқа бировнинг мулкини ўғирлаш сифатида кўриб чиқилиши керак. Бундай жиноят ўз эгасининг банк ҳисобварағидан ёки электрон пул маблағлари олиб қўйилган пайтдан бошлаб, ушбу маблағлар эгасига зарар етказилган пайтдан бошлаб тугатилган деб ҳисобланади. Агар фирибгарлик бошқа бировнинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш шаклида содир этилган бўлса, жиноят содир этган шахс бошқа шахснинг мулкини ўз мулки сифатида эгаллаб олиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган пайтдан бошлаб, хусусан, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ёки бошқа мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказган пайтдан бошлаб жиноят тугаган деб ҳисобланади. Бирор шахснинг мулкини бошқа шахс томонидан ўғирлаш ёки унга бўлган ҳуқуқни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали олиш, ҳуқуқни берадиган ёки ўз вазифасидан озод қилинган шахс томонидан расмийлаштирилган расмий ҳужжат ёрдамида содир этилган бўлса, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси 1-бандига мувофиқ қўшимча малака талаб этилади. Агар бирор киши расмий ҳужжатни сохталаштирган бўлса, лекин унинг ихтиёрида бўлмаган ҳолатлар туфайли ушбу ҳужжатдан фойдаланмаган бўлса, у ҳолда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси 1-бандига мувофиқ квалификация қилиниши керак.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, фирибгарлик жиноятини назарий ҳамда амалий томондан ўрганиб чиқиб, тергов ва суд амалиёти маълумотларини тахлил килиб, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка нисбатан талон-тарожнинг фирибгарона усулининг оғирлаштируви ҳолатларда содир этиш каби масалаларни ўрганиб чиқиб, шундай хулоса ва таклифларга келдик:
ТАКЛИФ
Биринчидан, ривожланган хорижий мамлакатларнинг жиноят қонунчилигини ўрганиб чиқиш натижасида айрим давлатларда фирибгарликнинг хар бир алоҳида тури бўйича ажратилиб жавобгарлик белгиланганлигига амин бўлдик. Шундан келиб чиқиб мамлакатимиз жиноят қонунчилигида ҳам хозирги кунда айрим соҳаларда кўп учрайдиган ушбу турдаги жиноятларни ҳам алоҳида турларга ажратиб жавобгарлик белгиланиши юзасидан ўз мулоҳазаларимизни баён қилмоқчимиз.
Иккинчидан, қонунчиликда ушбу жиноятни фуқаровий муносабатлардан фарқлашда аниқ чегаралар белгилаб қўйилганига қарамасдан, амалиёт жараёнида бир қанча муаммоли ҳолатлар юзага келмоқда. Бу борада амалиётда кузатилаётган ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, ўзаро келишув асосида айрим шахслар бошқа бир шахсга уй олиб беришни ваъда қилиб пул маблағларини қўлга киритиб, ўз мажбуриятини бажармаган ҳолатларда жабрланувчилар томонидан ариза билан мурожаат қилинганда ўртадаги ўзаро келишув борлиги тушунтирилиб, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар эканлиги, бу ҳолатларда жиноий жавобгарлик масалалари кўриб чиқилмаслиги, қайтариб юборилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу борада жиноий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш ҳозирги кунда фирибгарлар томонидан айнан фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар орқали ўз ғараз ниятларини амалга ошириш учун фойдаланаётганлиги кўзга ташланади.
Учинчидан, фирибгарлик жинояти ҳозирги кунда жуда кенг тарқалганлиги ва ушбу жиноятнинг хориж тажрибасига асосан турларига ажратиб алоҳида моддада жавобгарлик белгилаш ҳамда ушбу жиноятнинг турларини алоҳида расмий статистик маьлумотларда акс эттирилиши уларнинг бир қатор хусусиятлари билан фарқланиши туфайли тўғри квалификация қилишда юзага келадиган муаммоларни ҳам бартараф этади.
Саломат НИЁЗОВА,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси профессор вазифасини
бажарувчи, ю.ф.д.