Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариФош бўлган қабиҳ тузоқ

Фош бўлган қабиҳ тузоқ

Самолар бағрини ёриб, ер юзини яшнатувчи ёмғирни ҳамма хуш кўради. Чунки, ёмғир табиатни софлаш баробарида чангу ғуборни аритади, биз нафас олаётган ҳавога мусаффолик бахш этади.  Аммо… ана шу ёмғирдан қолган кўлмак ҳеч кимга ёқмайли. Боиси, у туриб қолган жойини балчиққа айлантиради, бадбўйлик ҳосил қилади.  Ҳеч бир томчи кўлмак бўлишни истамас, инсон, ёмон одам бўлишни истамагани каби.

Хўш,  кўлмакнинг қисмати-ку табиатнинг ҳукмида экан, инсончи? Уни яхши бўлишига нима тўсқинлик қилади? Ёки ҳамма яхши бўлишни истаркан ёмонликлар қандай содир бўлади?

Атрофингдаги чидаб бўлмас ҳодисаларга гувоҳ бўларкансан, ана шу ўйлар қалбингни тирнайди.

Дастлабки можаро

Халқимизда «Сув бир-икки лойқаланиб, ке­йин­ тинади» деган ибора одатда ўзаро жанжаллашиб, сўнг ярашиб кетадиган қўни-қўшни ва қавм- қариндошлар орасида ишлатилади.

Шамси Сафоев билан Маъмур Шахобов маҳалладош. Айтиб ўтганимиздек аввалроқ уларни ўртасида гап қочган. Жанжал ур-сургача бориб етгач М.Шахобов Ш.Сафоев ҳамда унинг укаси Х.Сафоевга тан жароҳати етказади. Ака-ука касалхонага ётишади ва иш судгача боради. Қолгани сизга аён.

Орадан йил эмас, йиллар ўтганди. Маҳалладошлар кўча-кўй, тўй-ҳашамларда гарчи аввалгидек бўлмасада салом-аликлари бор эди.

Айтмоқчи бўлганимиз, ҳодисадан бохабар бўларкансиз, Сизнинг кўнглингиздан ҳам шу таҳлит саволлар ўтиши табиий.  “Одамларга нима етишмайди?”  Ва жавоби ҳам тилингизда ҳозир: Тўқликка шўхлик бу!

Дарҳақиқат шундай. Акс ҳолда қачонлардир бўлиб ўтган жанжални дилига тугиб қасос ўтида юрармиди инсон? Ваҳоланки суд бўлган, жазо берилган, ҳатто томонлар ярашиб узр-маъзур ўртадан адоватни кўтариб ташлаган бўлса!

Инсоннинг ичини билиб бўлмас экан, деган гапнинг исботи ўларок,  карангки, Ш.Сафоев М. Шахобовга ўзи жазо беришни дилига тугиб кўйган экан.

Нафратли ният

Ният, лафз хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бир кун манзилга олиб боради. Шамсининг чиркин нияти хам кундан кун уни қалбини адоватга тўлдирар, елкасига минган шайтонни семиргандан семиртирарди.

Кичик тадбиркорлик билан шуғулланиб, мол боқиб гўшт етиштириб халқига хизмат қилиб юрган бу шахсни аслида ёмон одам хам деб бўлмасди. Маҳаллада фаол, қийинчилиги борларга ёрдам ҳам қилиб турарди.

Унинг хатоси қалбидан ҳусуматга жой берганида эди. Ана шугина кўнглига ғаразлик, ваҳшийлик уруғини қадаб қўйди. У шу қадар ниш урдики қўшнисини ўлдириш, уйига ўт қўйиш,  оиласини йўқ қилишдек режани қилганда юраги жиз этиб қўйгани йўқ. Ш.Сафоев бир неча бор жиноятлар содир этиб қамалиб чиққан ҳамюрти Фотих Жаниевга ичидагини тўкиб солади.  Ундан ёлланма қотил топиб беришини сўрайди.

Қарангки, у қалби тош бўлиб кетган деб ўйлаган Фотихнинг бу режадан юраги ортига тортиб кетади. Ш.Сафоевни бу йўлдан қайтармокчи ҳам бўлади. Аммо қарор катъий эди.

-Қотилни ўзинг топасан ва ўзинг гаплашасан. Мен сенларга пул тўлайман. Иш силлиқ,  иси чиқмайдиган бўлиши керак.

Хизмат 3000$га баҳоланади.

Дастлаб 100$ берган Сафоев Фотихни қўлига яна 1400$ни тутқазади.

– Қолганини Маъмурни ўлигини кўрганимдан сўнг оласизлар.  Уни қандай ўлдирганларингни расмга олиб келасан. Уйига ўт қўй!

– Уйига ўт қўйилса оиласи, норасидалар жабр кўради-ку! Бунга ёлланган танишларим ҳам кўнмайди. Сени ҳисобинг Маъмурда уни ўзи етади.

Фотихнинг гапидан Шамси ҳартугул шаштидан тушади ва унда Маъмурни ўзини ўлдиришларини тайинлайди.

Адоватни енгган қалб амри

Ҳар қандай ёмонликни жиноятчилар ўзи ҳам ҳис этиб туради. Гарчи алам,  жаҳл, қабоҳат унга йўлбошчи бўлган тақдирда ҳам. Қанийди, қалб кўзини очиб ҳаётга, атрофига, ўз келажаги, қисматига шу он бир назар ташлай олсайди.

Афсуски шу қудрат етишмайди уларда.

Фотих эса ўзидан ана шу кучни топди. У мудҳиш жиноят содир бўлиши, бир инсон бевақт, бешафқат ўлим топиши, бир эмас бир неча киши эса оғир жиноятга қўл уриши мумкинлигини кўриб турарди. У қалб амри билан бу жиноятнинг олдини олишга қарор қилди.

***

 Режа қандай бўлса шундай давом этди. Фақат эзгулик йўлида. Маъмур Шахобов ҳам огоҳ этилди. Ўз ўрнида унга грим қилиниб “ўлик” ҳолдаги сурати Ш.Сафоевга кўрсатилди ва у иш якунидаги пулларни Ф.Жалиевга тутқазаётган вақтида кўлга олинди.

Албатта, Ш.Сафоев вазиятдан чиқиш, ўзининг жиноий қилмишини хаспўшлаш йулида турли важлар келтириши табиий эди ва шундай бўлди ҳам.

Суд мажлиси давомида ҳуқуқни муҳофаза этувчи идора вакиллари томонидан Ф.Жалиев телефонига мослаштирилган овоз ёзиш қурилмаси унинг сўзларини инкор этиб ҳақиқий юзини,  қабих ниятини очиб ташлади. Бундан ташқари гувоҳлар кўрсатмалари ва ишдаги бошқа инкор этиб бўлмас далиллар билан унинг айби тасдиқланиб, қонун санкцияси доирасида жазоланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, шу тариқа оғир фожиага айланажак наф­рат ва суиқасднинг йўли кесилиб, бир инсон ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо жиноят содир этиб бўлинганди. Ҳолбуки ўзганинг ҳаётига қасд ёки суиқасд қилиш оғир жиноят сирасига киради.

Тараққий этаётган осуда, фаровон жамиятда яшаяпмиз. Фарзандлар истиқболи, юрт равнақи билан яйраб умргузаронлик қилишга нима етсин?! Зотан, ҳаёт бардавом – умр эса ғоят кисқадир! Буюк рус адиби Михаил Булгаков “Уста ва маргарита” асарида” Одам, умуман, бугун кечқурун нима билан машғул бўлишини ҳам айта олмайди” деган эди.

Шу маънода муддаойимиз ҳеч бир жиноят беиз кетмагани ҳолда бирон бир инсоннинг бу йўлга билиб-билмай кириб умрини ҳавога совурмаслиги ягона истагимиз эканлигини таъкидлашдир.

Акром АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди бош консультанти

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз