Шартнома – томонлар ўртасидаги муносабатларнинг шартлари ва тартибини, ҳамкорлик шартларини, корхоналар (улгуржи корхоналар, иштирокчилар) фаолиятини мувофиқлаштириш учун томонларнинг ўзаро мажбуриятларини, ҳуқуқларни ҳимоя қилишни, умумий манфаатларни тегишли давлат органларида, шунингдек халқаро ташкилотларда ҳимоя қилишни белгилаб берадиган асосий хужжатлардан бири ҳисобланади.
Шартномада уни тузишда иштирок этаётган томонлар ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек томонларнинг «Низом»ларига ва томонлар ўртасида тузилган шартноманинг бандларига амал қилиши лозимдир.
Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркин эканликлари, шартномалар тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асосларидан бири ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шартнома деб – икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувига айтилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 862-моддасида комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси баён қилинган. Унга кўра «Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси бўйича бир тараф (комплекс литсензиар) иккинчи тарафга (комплекс литсензиатга) ҳақ эвазига литсензиарнинг фирма номидан ҳамда қўриқланадиган тижорат ахборотидан, шунингдек шартномада назарда тутилган мутлақ ҳуқуқларга кирувчи бошқа объектлардан (товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ихтиролар ҳамда бошқалардан) литсензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичига оладиган мутлақ ҳуқуқлар комплексини (лицензия комплекси) бериш мажбуриятини олади» дея таъриф берилган. Франшизинг шартномасида Юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланиш учун бошқа юридик шахсга қонун ҳужжатларига мувофиқ улар ўртасида тузилган лицензия шартномаси ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси асосида рухсат бериши мумкин. Бу шартномаларда истеъмолчини чалғитишни истисно этадиган чора-тадбирлар назарда тутилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Тижорат ташкилотлари ва тадбиркор сифатида рўйхатга олинган фуқароларгина франшизинг шартномасини тузишда тарафлар бўлиб ҳисобланади. Франшизинг шартномаси тарафлар ўртасида муддат кўрсатилган ёки мудлдати кўрсатилмаган ҳолда (муддатсиз шартнома) тузилиши мумкин. Франшизинг шартномаси тарафлар ўртасида фақатгина ёзма шаклда тузилади ва шартномага мувофиқ литсензиар сифатида иш кўрадиган юридик шахсни ёки якка тартибдаги тадбиркорни рўйхатга олган орган томонидан рўйхатга олиниши қонун ҳужжатларида акс эттирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 июндаги «Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги 346-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали франшизинг шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган электрон тартиби жорий этилди. Ушбу қарор билан тасдиқланган регламентга асосан, ариза берувчи томонидан сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда (пдф форматда) илова қилинади. Шартномани янгидан рўйхатдан ўтказишда франшизинг шартномаси, хорижий литсензиар учун — хорижий давлатнинг тегишли давлат реестридан кўчирма ёки унинг ўрнини босувчи тегишли ҳужжатлар. Муҳим ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказишда эса франшизинг шартномасига киритилаётган муҳим ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхаси, суд органининг қарори асосида франшизинг шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда — ушбу ҳужжатнинг нусхаси тақдим этилади. Бунда мазкур ҳолатларда ариза берувчи ишончнома асосида иш кўрадиган шахс бўлса, кўрсатиб ўтилган шахснинг ваколатини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланган ҳужжатнинг нусхаси ҳам тақдим этилади. Ариза берувчилардан бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб этиш таъқиқланган. Бундан ташқари, ариза билан мурожаат қилувчидан франшизинг шартномасини тузишда тегишли ҳужжатларни давлат тили ёки рус тилига нотариал тартибда таржима қилинган бўлиши талаб этилади. Давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказишда базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир миқдорида йиғим ундирилиши назарда тутилган. Франшизинг шартномасини тузишда қўйидаги ҳолларда йиғим ундирилмайди, яъни суд ҳужжати асосида франшизинг шартномасига ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказишда, франшизинг шартномаси (муҳим ўзгартиришлар, қўшимчалар)ни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳужжатлар такроран кўриб чиқилганда. Рўйхатдан ўтказувчи орган тақдим этилган ҳужжатларни келиб тушган санадан бошлаб бир иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижалари бўйича франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш ҳақида ёки камчиликлар мавжуд бўлганда давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун қилинган мурожаат ижобий бўлса, рўйхатдан ўтказувчи орган ходими ягона давлат реестрига автоматик тарзда тегишли ёзувлар киритиш йўли билан франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказади, франшизинг шартномаларига ўзгартириш, қўшимчалар киритади, франшизинг шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хабарномани Тизим ёрдамида автоматик тарзда Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк департаментига юборади, ҚР-код (матрик штрихли код) қўйилган франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақдаги гувоҳномани шакллантиради, франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақдаги гувоҳномани ариза берувчига тақдим қилади (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади.
И.Ибрагимов,
Олтинсой тумани Адлия бўлими
давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи