Фарҳод Шаҳобов Фарғона туманининг “Хўжа Аҳмад Вале” маҳалласида яшайди. Ҳеч қаерда ишламайди. Шунинг учун пулга муҳтожлигиданми ёки шайтон йўлдан урибми, ўтган 2020 йилнинг сентябрь ойида ғайриқонуний бир ишга қўл урди.
Қирғизистон Республикасида яшовчи, дастлабки тергов вақтида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган “Нурилло” исмли шахс ўзаро савдо-сотиқ жараёнида Фарҳоджондан 1500 АҚШ доллар миқдорида қарз бўлиб қолади. Бунинг эвазига Нурилло 2020 йил 10 сентябрь куни уч дона целофан пакетга солинган, 2960 қути “Милано” тамакисини икки қўшни давлатни ажратиб турувчи, шох-шаббалар билан ҳосил қилинган тўсиқ устидан ирғитиб, ўтказиб беради. Кейин эса Фарҳоджон ўша маҳсулотни отаси Ш.Шаҳобовга тегишли “Хундай портер” русумли автомашинага юклаб, туман маркази томон йўлга тушади. Унинг мақсади сигаретни бозордаги савдогарларга сотиш эди. Бироқ йўлда уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари тўхтатишади. Натижада Ф.Шаҳобовнинг қилмиши фош этилади. Фарғона шаҳридаги “Континент имкон баҳо” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари эса 2020 йил 14 декабрдаги 516-сонли баҳолаш ҳисоботи билан ашёвий далил тариқасида олинган маҳсулотнинг умумий нархини 24.272.000 сўм этиб белгилашади. Оқибатда Ф.Шаҳобовга нисбатан Жиноят кодексининг 1861-моддаси (Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этиш)нинг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Буни қарангки, жиноят иши то судда кўрилгунча — Президентимизнинг тегишли Фармони билан 2021 йил 1 февралдан эътиборан Республикамиз ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори 245.000 сўм этиб белгиланади. Шунга кўра, айни пайтда Фарҳод Шаҳобов томонидан содир этилган 24.272.000 сўмлик тамаки маҳсулотларини муомалага киритиш жинояти анча миқдорни эмас, балки кўп бўлмаган миқдорни ташкил қилади. Натижада “қаҳрамонимиз”нинг қилмиши жиноят таркибини бермай қолади. Қолаверса, Ф.Шаҳобов муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1861-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳам. Шу боис жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди уни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1861-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани сабабли маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Фарғона туман прокуратурасига юборилди.
Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона туман суди раиси
Шоира АБДУРАЗЗОҚОВА,
Фарғона шаҳридаги “Ҳуқуқий тизим”
адвокатлик бюроси адвокати