Аввал хабар берилганидек, жорий йил 6 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди ва жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “ОЧИҚ ЭШИК”лар куни бўлиб ўтди.
Унда судьялар, Олий мажлис Сенати аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати, тегишли маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Учтепа, Чилонзор туманлари ҳокимияти, прокуратураси, ички ишлар, адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, солиқ инспекциялари, тиббиёт бирлашмалари, кадастр бўлимлари, туманлар аҳолисига коммунал хизматлар кўрсатувчи (электр, газ, иссиқлик, иссиқ ва ичимлик сув таъминоти идоралари, туманлар телефон тармоғи) корхоналар, васийлик ва ҳомийлик органлари, ФХДЁ, нотариуслар, “Мадад” ҳуқуқий ёрдам ННТ, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этмоқдалар.
Тадбир, қайд этилган икки туман аҳолисини қийнаётган муаммолар ҳамда уларни ўйлантираётган масалаларда ҳуқуқий кўмак, маслаҳат бериш ҳамда кўпчилик мурожаатчиларнинг талабларини инобатга олиб, судларга мурожаат қилишнинг айрим янги тартибларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ва жиноят процессуал қонунларига қўшимча ва ўзгартишлар ҳақидаги 2021 йил 12 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 661-сон қонуни мазмун моҳиятини тушунтириш мақсадида ташкил этилди.
Очиқ эшиклар кунида мурожаат билан келган ҳар бир фуқаронинг мурожаати тегишлича қайд этилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳат, кўмак, тушунтириш берилиб, мурожаатларни ваколатли ташкилотлар билан бирга ҳал этилди.
Таъкидлаш жоизки, бугун ижтимоий тармоқларда судларнинг аҳоли билан учрашиши, аҳолининг муҳтож қатламига тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериши борасида турли фикр-мулоҳозалар, мушоҳадалар билдирилиб, бу мавзу кенг муҳокама этилаётганлиги таҳсинга сазовордир.
Шу билан бирга юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган бугунги давлат сиёсати, “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиш керак”, “давлат ва ҳокимият идоралари ҳам ислоҳотлар ҳам халққа хизмат қилиши лозим”, “Ислоҳотлар замирида азиз инсон манфаати устивор” — деган эзгу тамойилларга асосланишидан барчамиз хабардормиз.
Асосий қонунимизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Демак, давлат раҳбари томонидан конституция асосида юритилаётган давлат сиёсатида, “халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи” эканлиги, халққа хизмат қилиш қомусий мажбурият сифатида қаралиши лозим.
Шу маънода, Ўзбекистон республикаси Конституциясига кўра, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлаши, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган.
Судларнинг асосий вазифаларидан бири эса, айнан қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олишдан иборатдир.
Шу асосда, процессуал қонунчиликда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади. Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақлилиги, судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмаслиги қайд этилган.
Маълумотларга таянсак, Чилонзор туманида 51 та МФЙ, Учтепа туманида эса, 60 та МФЙ мавжуд. Ушбу МФЙлари томонидан эътироф этилган 6000 дан ортиқ тизмили ижтимоий ҳимояга, жумладан, зарур ҳуқуқий кўмакка эҳтиёжманд қатлам мавжуд.
Агарки, асосий қонунимизга мувофиқ, бошқа давлат органлири қатори судлар ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга масъул экан, баланд парвоз гаплардан, у вазифа бизга тегишли эмас деган эскича ёндашувдан чекиниб, гап қонун устиворлиги ва халқ манфаатини амалда руёбга чиқариш ҳақидалигига эътиборни қаратсак, ҳар биримиз амалий ишлар билан ҳисоб беримиз лозимлигини яна бир бор эътироф этамиз. Зеро, ҳуқуқий кўмакка муҳтож ва керакли юридик ёрдам, маслаҳат олишга зарурати бор аҳоли қатлами ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўзимизнинг юртдошларимиздир.
Судьялар эътирофига кўра, “Очиқ эшиклар” куни — ушбу тадбир натижасида ана шу қатлам — аҳоли ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда суд ва бошқа идораларнинг озгина бўлса ҳам ҳиссаси қўшилса, бундан одамлар рози бўлади деган умиддамиз.
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди