Фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқлардаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини олишда маълумотларни йиғиш пункти ходимлари томонидан ID-карта суғурталанмаганлиги сабабли берилиши рад этилиши ҳақидаги масала юзасидан Адлия вазирлиги муносабат билдирди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ҳамда ундан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида низом асосида амалга оширилади.
Ушбу Низомга мувофиқ фуқаролар идентификация ID-картасини олишлари учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати белгиланган. Ушбу Низомнинг 11-бандига кўра фуқаро ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:
* белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
* илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
* туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);
* ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
* давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).
Шунингдек, мазкур Низомда қайси ҳолларда, яъни фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса унга ID-карта берилиши рад этилиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқаронинг идентификация ID-картасини олишда маълумотларни йиғиш пункти ходимлари томонидан ID-карта суғурталанмаганлиги сабабли берилиши рад этилиши ноқонуний ҳисобланади.
Адлия вазирлиги фуқаролардан ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ масалада давлат ташкилотларига мурожаат қилганида уларнинг мурожаати давлат ташкилотлари томонидан рад этилса, албатта, бу ҳолат бўйича асослантирилган ҳужжат талаб қилишни унутмасликлари ҳақида огоҳлантиради.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими