Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади –ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборат.
Аҳоли кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган, мустақил иш олиб борадиган барқарор фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий шароитлар яратилган. Мамлакатимизни демократик модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти муттасил ошаётгани, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг фуқаролик онги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг барқарор ўсаётганидан далолат беради. Бу эса кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ЎзЛиДеП съездида сўзлаган нутқида фуқаролик жамияти қуриш ва бунда ОАВнинг ўрнига тўхталиши бежиз эмас. Зеро, Янги Ўзбекистонни қуришда қоғозда эмас, амалда фуқаролик жамиятини қуриш муҳим. Фуқаролик жамиятини ҳамма давлат ҳам қура олмайди. Бунинг зарурий шартларидан бири ҳуқуқий давлат қуриш имконини берадиган давлат ҳокимиятининг учга бўлиниши принципидир. Янги Ўзбекистон – кучли қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари самарали фаолият кўрсатадиган, “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили амал қиладиган демократик давлатдир. Шу муносабат билан “Халқчил давлат” миллий дастури, Халқ қабулхоналарига конституциявий мақом бериш ва уларнинг фаолияти тўғрисида алоҳида қонун ишлаб чиқиш таклифи Президент томонидан илгари сурилди. Маҳаллада фуқаролар учун давлат ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, давлат органларига маҳалладан туриб мурожаат қилиши имконияти яратилади. Туман, шаҳар, вилоят вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилади. Келгусида туман ва шаҳар кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Энг муҳими, сиёсий партиялар рақобатининг кучайишига хизмат қиладиган яна бир тартиб жорий этилади. Яъни туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод халқ депуталари туман ва шаҳар Кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади. Келгуси йилдан 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида ҳудудни ривожлантириш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳокимликларнинг ваколат ва имкониятлари кенгайтирилади.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамғармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Улар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг институтлари тузилмасини ташкил этади ва фуқароларнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни бажаришда фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашади. ОАВ – жамият кўзгуси ва унинг эркинлигини янада мустаҳкамлаш ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга хизмат қилади. Демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу натижаларга эришиш учун ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Ўз навбатида, ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш зарурияти келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиши ҳақида ўта асосли гапирди, чунки айнан ОАВ мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи катта кучдир.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор