Шароф Рашидов тумани Гандумтош маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Маҳмуд Қаландаровнинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан 1993-1998 йилларда Янгийўл фирмасида ишлаган иш стажлари ҳисобга олинмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати Жиззах вилояти адлия бошқармаси томонидан ўрганилди.
Фуқаро М.Қаландаровнинг 2017 йил 11 декабрда ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб бўлимга ёзган аризаси ва тақдим этган ҳужжатларидан шу нарса маълум бўлдики, ҳақиқатан ҳам унинг меҳнат дафтарчасида қайд этилган 1993 йил 4 мартдан 1998 йил 31 декабргача Янгийўл фирмасида ишлаган даври мазкур туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивининг маълумотномасида иш ҳақини ҳисоблаш китобларида қайд этилмаганлиги муҳрланган.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шароф Рашидов туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси 2021 йилнинг 8 январида М.Қаландаровнинг юқорида қайд этилган йиллардаги иш стажлари ҳисобга олинмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган.
Шунингдек, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жиззах вилояти бошқармасининг 2021 йил 6 январдаги хати билан М.Қаландаровнинг юқорида қайд этилган иш стажини ҳисобга олишнинг имкони йўқлиги ҳам маълум қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 56-бандида иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланиши кўрсатилган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ш.Рашидов туман бўлимига нисбатан мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан Жиззах туманлараро маъмурий судига киритилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, комиссиянинг 2021 йил 8 январдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди ва Маҳмуд Қаландаровнинг меҳнат дафтарчасида мавжуд бўлса ҳам, ўтмай қолган иш даври пенсияга қўшиб ҳисобланадиган бўлди.
Илғоржон РАШИДОВ,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи