Маълумки, тижорат банклари юртдошларимизга ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга молиявий таянч бўлувчи муассасадир. Яъни фуқаролар банк кредитларидан фойдаланган ҳолда ўзининг турмуш тарзини яхшилаб олади, юридик шахслар эса фаолиятини ривожлантиришга ёки бирор бир восита харид қилиш учун сарфлайди ўша маблағни. Мазкур ҳолат томонлар ўртасида тузиладиган кредит шартномаси билан мустаҳкамлаб қўйилади.
Аммо акциядорлик тижорат “Асака банк”нинг Фарғона филиали ҳамда “Афросиёб барака савдо” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2018 йил 12 март куни имзоланган 11-сонли кредит шартномаси талаблари тўлиқ бажарилмагани боис иш судгача етиб келди. Аниқланишича, шартномада банк жамиятга “CAPTIVA” русумли автомашина сотиб олиш учун 36 ой муддатга, йиллик 20 фоиз устама тўлаш шарти билан 129.000.000 сўм миқдорида автокредит ажратган. Табиийки, ҳар бир қарздор тўлов жадвалида белгиланган муддатларда кредитни қайтариши ва устамаларини ўз вақтида тўлаши шарт. Шунга кўра, устама фоизларини ойма-ой тўлаб борган кредит қарзини қайтариш муддати 2021 йил 15 март этиб белгиланган. Қолаверса, “Афросиёб барака савдо” МЧЖ ана шу машинанинг ўзини гаровга қўйиб, гаров шартномасини судга тақдим қилиш мажбуриятини олган. Бироқ мижоз зиммасидаги мажбуриятни бажармаган. Шу билан бирга, 2020 йил 4 февраль ҳолатига 5.609.718 сўм миқдорида муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган. Бинобарин, 2020 йил 5 февраль куни банк филиали томонидан қарздорга 16/503-сонли огоҳлантириш хати юборилиб, 3 банк иш куни мобайнида тўловни амалга ошириши талаб қилинган. Аксинча, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, ундирувни кредит таъминоти сифатида гаровга олинган мол-мулкка қаратиш ва кредит тўловларини ундириш юзасидан иқтисодий судга мурожаат қилиниши хусусида хабар берилган.
Албатта, суд мажлисида жамият вакиллари даъвогарнинг фикрларига эътироз билдиришмади. Шу боис агар муддат берилса, автомашинани гаровга қўйиб беришларини маълум қилишди. Лекин банк масъуллари гаров шартномаси лойиҳасини тасдиқлашни сўраб, қарздорга мурожаат этишмаган. Шунингдек, улар жамиятга шартнома тузиш таклифини беришмаган ҳамда шартнома лойиҳасини юборишмаган. Энг муҳими, банк ходимлари жавобгар билан гаров шартномасини тузиш учун тегишли ҳаракатларни амалга оширишмаган.
Бундан ташқари, “Асака банк” Фарғона филиали даъво талабида “Афросиёб барака савдо” масъулияти чекланган жамиятига гаров шартномасини тузиш мажбуриятини юклашни сўрамаган. Бинобарин, банкнинг даъво талаби асоссиздир.
Шундай экан, суд даъво аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бошқача айтганда, яна бир тадбиркорлик субъектининг манфаати судда ҳимоя қилинди.
Хусниддин ЖАМОЛИДДИНОВ,
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири