Хосият РУСТАМОВА
Жасад қаршисида нима қилишини билмай турган бу икки йигитни кўрган киши борки, ёнидан бепарво ўтолмас эди. Аммо бундай ғамгин туришлари ўз юртидан узоқда, мусофирлик заҳмида озор чекканлигидан рўй-рост шаҳодат бериб турарди. Келганларига уч кун бўлмай ота бемаврид юрак хуружидан жон таслим қилди. Чамаси йигирма-йигирма беш ёшлардаги бу икки ўғлон жасад қошида тош қотиб туришар, отасининг ўлими ногоҳ эсига тушиб қолгандек бирдан уввос солиб, йиғлашар эдилар.
…Болалик хотиротларида ҳар нарсага қиёс бор. Яхши эслайман, бир йили айвонимизга икки қалдирғоч келиб лойдан уя қурди… Уй қуришни одамлар қалдирғочлардан ўрганганми ёки қалдирғочлар одамларданми, хуллас, қалдирғочлар уя сатҳини сомон-сувоқ қилишни ҳам эсидан чиқаришмади. Кунлар ўтиб, шу пишиқ уйчада тўртта полапон пайдо бўлди. Ота-она мақомини олган икки қалдирғочга эса иш кўпайгандан-кўпайди…
Эрта-ю кеч тиним билмайди, қаерларгадир кетиб, тумшуғида емиш билан келади-да, тўрт полапоннинг оғзига бирин-кетин емак ташлаб, яна ортига қайтади. Кундузлари билинмайди-ю, кечга бориб, икки қалдирғочнинг силласи қуриб қоларди. Ўша кунларда ҳовлимизнинг атрофида бир ёввойи мушук ўралашиб қолди. Унга кўзимиз тушган заҳоти тошми, калишми, қўлга илашган нарсани отиб қувлардик. Бир куни кечки пайт полапонларнинг чирқиллашидан ҳаммамиз ҳовлига югуриб чиқдик. Қарасак, икки полапон қаергадир ғойиб бўлганди. Олча дарахтининг тагида эса ёввойи мушук қон оғзини ялаганча қаерга қочишини билмай турар, ота-она қалдирғочларнинг қанотчалари сочилиб ётарди…
Худди мана шу икки полапон кимдан мадад сўрашини билмай бегона юртда изиллагани-изиллаган, оғзи қон мушук – ҳаёт эса қон оғзини ялаганча бир чеккада томоша қилиб турарди. Иккаласининг хаёлида ҳам: “Энди нима қиламиз, ойим, укаларимизга нима деймиз? Қишлоққа қандай қилиб борамиз?” – деган бир ўй тинчлик бермаётган эди. Ахир, отаси йўл кирани қариндош-уруғлардан қарз кўтариб бўлса ҳам, уларни қанотлари остига олиб, яхши ниятларда келмаганмиди?
Ногаҳон катта ўғил ўзида Рамазон аканинг телефон рақами борлигини эслаб қолди. Ичида чироқ ёнганди гўё. Рамазон ака билан бир қишлоқдан бўлмасалар-да, ҳар ҳолда бир юртнинг одамлари. “Бир нима дер, йўл-йўриқ кўрсатар ахир, уларнинг бу юртларга келганига икки-уч йилча бўлган”. Катта ўғил бир амаллаб, қўнғироқ қиларкан, гўшакдан унинг ҳорғин овозини эшитиб, ичидан тошиб келаётган йиғини босолмади…
Ярим соатга қолмай етиб келган Рамазон ака нима қилишини, икки ўғилга қандай йўл кўрсатишини билмай, боши қотганди.
— Шу яқин ўртада бир қабристон бўлиши керак, — дея гап бошлаганда, болалар уввос солиб юборишди… Хуллас, Рамазон ака яна қаергадир кетди. Чамаси, тўрт соатлардан кейин қўлида шу кунги поездга бир амаллаб топилган икки чипта ва елим халтага ўроғлиқ янги гилам билан қайтди.
Поезднинг жўнашига бир ярим соат қолганди. Уч дардкаш у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, қирқ беш дақиқа қолганда, бир амаллаб поездга чиқиб келишди. Гиламни қанча ихчам қилиб, елимлашларига қарамай, у жуда оғир ва ноқулай эди. Рамазон аканинг маслаҳати билан гиламни тамбурда қолдирадиган бўлишди. “Тамбур анча салқин, хабар олиб турилса бўлди”.
Поезд жойидан жилганда эса йигитлар ҳеч бўлмаса, отасининг маййитини бегона юртларда қолдирмай олиб кетаётганларидан кўнгиллари тўлиб, хўрсиниб қўйишарди.
Поезд бир маромда кетаверди. Икки йигит бири қўйиб бири вагоннинг бошига — тамбурга бориб-келиб туришди. Шу зайлда оқу қора рангларга уйқашган ҳаётнинг бир куни ўтди. Аммо шу асрларга чўзилган қора кун дунёни ҳали тўла идрок қилолмаган, худди болалик тасаввуримда қотиб қолган қалдирғоч инида типирчилаб турган полапонлардек чор атрофга ўзини тинмай ураётган ўғлонларга кўп, жуда кўп нарсаларни ўргатди.
Бир маҳал… беадад ўрмон орасидан елиб бораётган поезд ичидан эшитилган бир чинқириқ дунёни остин-устун қилиб юборди. Бу чинқириқ олдингиларидан минг баробар кучли ва аянчли эди…
Гилам жойида йўқ эди.
Ҳеч нимага парво қилмай елиб борётган поезднинг шиддати шу топда ҳаёт тезлигига ўхшар эди. Икки кун ўтиб йигитчалар манзилга етиб келдилар. Йўловчилар бақир-чақир қилиб, поезддан туша бошладилар. Икки ўғил эса…
Дарвоқе, уч кун аввал поездга чиққан икки йигитча ҳам шошилмай поезддан тушди.
Фақат уларнинг сочлари оппоқ эди…
Тошкент
Маълумот: Хосият Рустамованинг мазкур ҳикояси асосида режиссёр Ҳилол Насимов «Ажал жодуси» номли фильмни суратга олган.