Оғабекнинг оилавий шароити қувонадиган даражада эмасди. Бир жойда қаноат билан ишламас, камига доим ўзи ва яқинларига ташвиш орттириб юрарди. Фирибгарликни ўзига касб қилганди.
«Тўрт нафар болам ҳурмати, энди бу йўлга кирмайман», дея сўз берарди-ю, иродасизлик қилиб бу ишларга яна қўл ураверарди. Унинг бу хурмача қилиқларидан яқинлари ҳам аллақачон безиб қолган эди.
Илк бор судланганида йигирма-ўттиз оралиғида эди. Ёш дейишди, адашган дейишди, йиғи-сиғи, надоматларини инобатга олишди. Қонундаги амнистия билан муддатидан олдин озодликка чиқди. Давлатимизнинг бу ғамхўрлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармади.
Орадан бир йил вақт ўтди. Фирибгарлик билан суд курсисига қайта ўтирди. Ахлоқ тузатиш жазо муддати 3 йилга чўзилди.
Эркак бўлиб турмушини яхшилаш, яқинларига тиргак бўлиш ўрнига яна қинғир ишларга қўл ура бошлади. Орадан 6 йилга яқин муддат кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Уйланди, оилада фарзандлар туғилди.
Ҳаёти ҳам изга тушгандай эди. Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, эски ҳунарини яна одат қилди. У яна ўзгалар мулкига кўз олайтиришни касб қилди. Тўрт нафар қоракўзнинг отаси бўлган О. Турғунов яна жиноятга қўл урди.
Гиёҳванд модда сотувига аралашув
«Қаҳрамонимиз» мавсумий ишда ишлаб юрган вақтида танишган Лазиз Ҳалиловнинг гиёҳванд модда истеъмол қилишини билган Оғабек «Бу одатинг яхши эмас, соғлом ҳаётга қайт» дейиш ўрнига ундан фойдаланмоқчи бўлди. У Лазизга оғудан 200 грамм топиб беришини ва ҳар бир грамига 200.000 мингдан пул нақд тўлаб оладиган «клиент» борлигини айтади. Табиийки, бу таклиф Лазизга мойдек ёқиб тушди. Қолаверса, ўз таклифини ҳам киритди. Режага кўра ўзида бор бўлган оз миқдордаги героинга бозордан «женьшень» олиб қўшишни маслаҳат қилди. Иккиси режани пишитди. Оғабек Лазизнинг қўлига 120 минг сўм пул берди ва оғуни тезроқ етказишни буюрди.
«Обод қишлоқ»нинг ҳаммаси ҳам обод бўлавермас экан. Ҳудудидаги фермер хўжалик ерларида ўсиб ётган нашага женьшенни қўшиб, маҳсулотни сотувга тайёрлашди.
Манзилнинг охири яқин эди…
Миролим ҚОДИРОВ, гувоҳ: Лазизбек менинг қўшним бўлади. У мендан яқиндаги маҳаллага олиб бориб келишимни илтимос қилди. Манзилга етгач, Лазиз бир кўчага кириб қайтиб чиқди ва қишлоғига олиб боришимни айтди. У ерда танишига чўнтагидан нимадир олиб берди. У эса бошқасига. Адашмасам савдолашишди. Кейин ИИБ ходимлари келиб уларни қўлга олишди.
Шунингдек, холис гувоҳ сифатида тадбирда иштирок этган Аъзамжон Каримов О.Турғунов ҳамда Л. Ҳалиловнинг махсус харидор Акрам Абдураҳмоновга гиёҳвандлик воситасини 36.000.000 сўмга сотишганлиги ва шу ерда уларни ашёвий далиллар билан қўлга олинганлигини келтиради.
Хулоса
Ишбилармонлик иқтидорнинг бир намунаси. Эзгу ният кўзланмаган ишбилармонлик эса инсониятга наф келтирмайди. Пул илинжида тайёрланган зарарли маҳсулотлар кимнингдир оиласини пароканда қилиши ёки умрига зомин бўлиши мумкин.
Суд О.Турғуновга жазо тайинлашда ва миқдорини белгилашда унинг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи оғирлиги, қарамоғида нафақа ёшидаги онаси ва тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олди. Қолаверса, у оиланинг ягона боқувчиси эди.
Ҳукм
Турғунов Оғабек Турдиевич ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб 8 йил муддатга, аввалги ўталмаган АТИ жазосини қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўтиши белгиланди.
Ҳалилов Лазиз Ҳотам ўғли ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 85-моддасини қўллаб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтиши белгиланди.
Хулоса
Жиноят жазонинг бошланиши. Қанийди, жиноятдан фақат жиноятчининг ўзи жабр чекса. Афсуски, унинг ортида турган яқинлари ҳам баравар азият чекади. Қинғир ҳаётни танлаган эса, темир панжара ортида идроки очилади.
Умр, келажак, фарзандлар, бизники! Уни камолот билан безаб, юксалиш сари одимлаш ҳар биримиз учун ярашиқлидир.
Дилмурод МАДАМИНОВ,
Наманган вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси