Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади.
Янги Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир.
Конституциямизда белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳар томонлама камол топтириш Конституциянинг асосий ғоясига айлантирилган.
Конституциямизнинг 26-моддасида, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунга асосан, Жиноят процессуал кодексининг “Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш” деб номланувчи 17-моддасида судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шартлиги ҳамда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги каби қоидалар ўз ифодасини топган.
Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига олиб келадиган, соғлигини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ёки маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш таъқиқланиши шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципининг моҳиятини ташкил қилади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими институционал базасининг кенгайтирилиши ва мустаҳкамланиши ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш йўналишида кейинги йилларда бажарилаётган ишларнинг натижаси бўлди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мазкур йўналишда қўйилган яна муҳим қадам бўлди. Мазкур Фармон асосида миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Масалан, биргина жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича охирги йилларда 13 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойидан озод қилинди. Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди.
Сўнгги уч йилда 19 мингдан ортиқ, шунингдек, бир вақтнинг ўзида 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган
50 мингга яқин кишига фуқаролик берилгани халқимиз томонидан ҳам, халқаро миқёсда эътироф этилди.
Бундай хайрли ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом этаётгани халқимизнинг жамиятимиздаги ислоҳотларга дахлдорлигини кучайтирмоқда. Юртимизда яратувчилик, бунёдкорлик, ташаббускорлик, тинчлик-тотувлик муҳити мустаҳкамланиб бормоқда.
Камолиддин ДАСТАМОВ,
Ўрта Чирчиқ тумани адлия бўлими