Озарбайжонлик меҳмонлар дастлаб Самарқанд шаҳрида бўлиб, зиёратгоҳ жойларни томоша қилдилар ҳамда Самарқанд шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолиятлари билан танишдилар.

Ташрифнинг иккинчи куни меҳмонлар Тошкент шаҳрида жойлашган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар – Санам Азимова ҳамда Ольга Ли нинг нотариал идораларида бўлиб, нотариусларнинг аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланишлари билан қизиқдилар, бу тажрибани амалиётда кўрдилар.

Шундан сўнг Озарбайжон делегацияси Адлия вазирлигида ташкил этилган “Ўзбекистон нотариуслари фаолиятида ахборот технологияларини қўллаш тажрибаси ва уни ривожлантириш” мавзусида презентацияда қатнашдилар.
Айтиш жоизки, презентациядан кейинги муҳокама ва тажриба алмашиш жараёни жуда қизиқ ўтди. Озарбайжон адлия вазирлиги масъул ходими Заур Ҳасанов Ўзбекистонда жорий этилган “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳақида презентация ўзида катта таассурот қолдирганини таъкидлаб, Озарбайжонда жорий қилинган мобиль нотариат иловаси ҳақида сўзлаб берди ҳамда ундан фойдаланишнинг осон ва қулайлигини амалда кўрсатиб берди.
Ташриф Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири билан давом этди.

Ҳар иккала палата раҳбари узоқ олиб борилган музокара ва онлайн мулоқотлардан сўнг, фаолиятни ўзаро тажриба алмашлаш орқали ривожлантириш мумкин деган фикрга келишганини таъкидладилар.
– Озарбайжон Нотариал палатаси, худди Ўзбекистон Нотариал палатаси сингари ташкил этилганига кўп бўлмаганига қарамасдан, халқаро нотариатда ўз ўрнига эга, прогрессив ривожланиб бораётган ташкилотлардан, – деди Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров. – Ўйлайманки, ҳар иккала томоннинг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Барча саъй-ҳаракатларимизнинг натижаси ўлароқ аҳолимизга нотариал хизматларни кўрсатишни юксак даражага олиб чиқиш, сифатли хизмат кўрсатиш, фуқароларнинг вақтини тежаш ва сарсонгарчиликларнинг олдини олишдан иборатдир.

Тадбирда шунингдек, Нотариал палаталар эсдалик совғалари билан алмашишди.