ЯнгиликларСпортХапкидо — ўзининг ва ўзганинг кучини тенг бошқариш санъати

Хапкидо — ўзининг ва ўзганинг кучини тенг бошқариш санъати

Хапкидо — ҳозирги мавжуд жанг санъатларининг энг самарали усулларини ўзида мужассам этган корейс жанг санъати. Хапкидо (корейсча бирлашиш, куч, энергия) — корейс жанг санъати бўлиб, жисмоний ва руҳий чидамлиликни оширишда муҳим рол ўйнайди. Жанубий Кореяда мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар сони таэквондо ва дзюдодан кейин учинчи ўринда турса-да, нисбатан ёш жанг санъати ҳисобланади.

Хапкидо ҳар қандай шароитда душман билан ҳақиқий жанговар таъсирга кириша олиши билан аҳамиятли. Бу унинг ўзига хос хусусиятидир.

Aйнан махсус қўлланиладиган техникаларнинг юқори самарадорлиги туфайли хапкидо нафақат Кореяда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида армия, полиция ва турли ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус бўлинмалари ходимларини тайёрлашда қўлланилади.

Хапкидода ҳужум қилаётган, қуролланган шахсга ёки бир нечта рақибга қарши ўзини-ўзи ҳимоя қилиш техникаси ҳам, ҳужум қилиш техникаси ҳам тенг равишда ўргатилиб борилади. Бунда ҳужум қилаётган рақибнинг кучи керакли томонга йўналтирилади, сўнгра қарши ҳужумга ўтилади. Ушбу жанг санъатининг бир нечта турлари ва услублари мавжуд. Хапкидонинг асоси — ўзининг ва рақибнинг кучини бошқариш техникасидир.

Хапкидода турли хил қуроллардан фойдаланиш усулларини ҳам ўрганадилар. Хапкидода — пичоқ, қилич, калта таёқ ва шунга ўхшаш бошқа қуроллар ишлатилади. Асосий қуроллардан ташқари, хапкидонинг ҳар бир мактабида ўзига хос бўлган бошқа қурол турларидан ҳам фойдаланади.

Шунингдек, хапкидода анатомик нуқталар устида ишлашга катта эътибор берилади. Хапкидо — бу қўллар, оёқлар, тирсаклар, тиззалар, бош, очиқ ва ёпиқ кафтлар, бармоқлар, бурмалар, оғриқли тутқичлар, отишлар билан кенг зарба бериш усулларини ўз ичига олган жанг тури ҳисобланади.

Хапкидо яккакурашнинг соф амалий тури бўлиб, бу йўналишдаги мусобақалар ўтказилмайди. Фақатгина техникани намойиш қилиш ва кўргазмали чиқишлар мавжуд.

Хапкидо жанг санъатида нафас олиш ва медитация техникаси ҳам муҳим рол ўйнайди.

Нафас олиш ва хотиржамликни сақлаш хапкидо жангида жуда керакли элемент ҳисобланади. Нафас олиш ва медитация техникасини ривожлантиришда Шин Мунинг ҳиссаси катта деб айтишимиз мумкин.

Хапкидо асосчиси кореялик мураббий Чой Ёнг Сул ҳисобланади. У узоқ вақт давомида япониялик айки-жуцу устаси Даито Рю Сокаку Такеданинг шогирдларидан бири бўлган. Уста Чой Япониядан Кореяга қайтиб келгач, у ўз тажрибасини шогирдларига ўргата бошлади. Бу Даито-рю аики-жуцу ва анъанавий корейс оёқ жанги техникасининг (субак) синтези эди. Устоз Чой бу тизимнинг биринчи версияларини “ю-квон-сул”, кейин “хо-син-сул”, ҳатто кейинроқ “би-сул” деб атаган.

Чой Ёнг Сул хапкидо билан шуғулланадиган одам доимий равишда ўз устида ишлаши, маълум ахлоқий фазилатларни ривожлантириши керак, деб ҳисобларди. Унинг фикрича, ахлоқий фазилатларсиз шахсга жанг санъатини ўргатиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Уста Чой ҳар бир хапкидо спортчиси учун қатъий риоя қилиниши керак бўлган 10 та қоидани ишлаб чиққан бўлиб, булар қуйидагилардир:

Хапкидо билан шуғулланадиганлар ўз атрофидаги барча табиат неъматлари энергия манбаи эканлигини унутмаслиги;

танасида осмон ва ернинг энергиясини жамлаш қоидаларига риоя қилиши;

ўз жисмоний ва ахлоқий фазилатларини мукаммал тарзда ўстириб бориши;

жангда табиатнинг энергияси саккиз йўналишда ишлатилиши;

фақат ўзини ҳимоя қилиш имконияти мавжудлини ҳис қилиши;

ўз мамлакати ва бутун инсоният фаровонлиги ҳақида бир хил даражада қайғуриши;

тартиб ва жамоат ахлоқини ҳурмат қилиши;

бошқанинг шахсиятини ҳурмат қилиши ва унинг хатти-ҳаракатларини менсимасдан ҳаракат қилмаслиги;

ҳар бир усул энг мукаммал даражада бажарилиши;

бошқа барча жанг санъатларини ҳурмат қилиши лозим.

Хапкидо жанг санъати ривожланиши давомида баъзи бошқа элементлар ҳам қўшилиб, бугунги мукаммал даражада шаклланди.

Хапкидонинг бизгача етиб келган шакли устоз Чойнинг шогирдлари томонидан ривожлантирилган. Улар хапкидога Даито-рю аики жуцуда — мавжуд бўлмаган айрим техникаларни қўшган. Бу техникаларга корейсча анъанавий кучли зарба техникаси, корейс жанг санъатига хос қуроллар билан ҳаракатланиш техникаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Корейс жанг санъатининг “хапкидо” деб номланиши устоз Чойнинг шогирдларидан бири Чи Ханже номи билан боғлиқ. Чунки ушбу ном айнан Чи Ханжае томонидан таклиф қилинган.

Бугунги кунда уста Чи Ханже ўзи яратган хапкидо услуби — Шинму хапкидога раҳбарлик қилади.

Энг йирик хапкидо федерацияси Корея хапкидо федерацияси — КХФ бўлиб, у Кореяда яратилган биринчи ҳапкидо федерацияси ҳисобланади. Федерациянинг бош қароргоҳи Корея Республикасининг Сеул шаҳрида жойлашган. Иккинчи йирик ташкилот — Халқаро Хапкидо Федерацияси — ХХФ ҳисобланади.

Шунингдек, Корея Республикасида бошқа спорт федерациялари ҳам фаолият олиб боради.

Хапкидони ўзлаштиришнинг ўз босқичлари мавжуд бўлиб, бошланғичлар учун “кып”, хапкидо устаси учун эса “тан” даражалари берилади.

Хапкидо устаси даражасининг босиқичлари 1 тандан бошланиб, 9 тан билан тугайди. Тарихда 10 тан даражасини олган биринчи шахс Чой Ёнг Сул ҳисобланади. Шунингдек, уста Чойнинг бошқа шогирдларининг баъзилари ҳам 10 тан даражасига чиққан.

Одатда хапкидо шартли равишда қаттиқ ва юмшоқ деб аталадиган иккита услубга бўлинади. Уларнинг асосчилари гроссмейстер Чой Ёнг Сулнинг икки шогирди — Чи Ханжае ва Мюнг Женгам ҳисобланади.

Бугунги кунда дунёда қаттиқ хапкидо деб аталадиган кўплаб ташкилотлар мавжуд. Шинму Хапкидо услуби Чи Ханжае Кореяда ўргатган хапкидо техникасига асосланган.

Уста Мюнг Женгамнинг юмшоқ хапкидоси билан ҳозирда Кореянинг Халқаро хапкидо федерацияси ХХФ, Глобал хапкидо федерацияси ГХФ, Бутун жаҳон хапкидо федерацияси БЖХФ каби хапкидо федерациялари шуғулланади. Хапкидонинг бу йўналиши асосини 12 та асосий ҳаракат ташкил этиб, 12 та характерли хапкидо техникаси бўлиб, улар алоҳида ва биридан иккинчисига ўтишлари мумкин.

Шакарбой Ғойибназаров,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img